“Реал” юлдузлари машғулотда уришиб кетишди – ОАВ
Спорт
−
07 Май 1988 1 дақиқа
“Реал Мадрид”нинг уругвайлик ярим ҳимоячи Федерико Вальверде ва франциялик футболчи Орельен Тчуамени машғулот вақтида ўзаро тортишиб қолди. Бу ҳақда “Marca” хабар берди.
Манбага кўра, воқеа кеча, 6 май куни жамоанинг машғулот базасида содир бўлган. Можаро қўпол ўйин сабаб келиб чиққан бўлиб, шундан сўнг футболчилар бир-бирини итариб юборган ва вазият жанжалга айланиб кетган. Вальверде ва Тчуамени ўртасидаги тортишув кейинчалик кийим алмаштириш хонасида ҳам давом этган.
Маълум бўлишича, шу ҳафта бошида “Реал Мадрид”нинг яна икки футболчиси – Антонио Рюдигер ва Альваро Каррерас ўртасида ҳам машғулот пайтида можаро келиб чиққан эди. Кейинроқ Каррерас бу ҳолат алоҳида воқеа бўлганини ва муаммо ҳал қилинганини айтган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 10 май куни “Реал Мадрид” сафарда “Барселона”га қарши майдонга тушади. Агар ушбу баҳсда Мадрид клуби очко йўқотса, каталонияликлар муддатидан олдин Испания чемпионига айланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бразилиялик футбол юлдузи Неймар “Сантос” жамоаси машғулотида 18 ёшли ярим ҳимоячи Робиньо Жуниор билан тортишиб қолганди.