“Реал Санжик” адвокатлари прокурор ва судьяларни алмаштиришни талаб қилмоқда

Таҳлил

Reklama
0:00

Қочоқ куёв унаштирилган қизининг уйини “Реал Санжик” номига пул эвазига ўтказиб бериши, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, жуда кўп миқдорда фирибгарлик ва наркожиноят – бу бугун суд залида ўзининг айбсизлигини исботлашга уринаётган Санжар Каримовни панжара ортига олиб келган сабаблар. Тадбиркорга нисбатан жорий йилнинг 8 май санасида жиноят процессуал кодексининг тегишли моддалари билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган эди, аммо ҳукмдан норози бўлган Каримов судга аппеляция киритганидан сўнг суд янги далилларга асосланган ҳолда қайта кўриб чиқилиши айтилган. Бугун Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтказилган навбатдаги суд мажлисида жабрланувчи томонидан олиб келинган янги аудиоёзув барча суд иштирокчиларига эшиттирилди. Шундан сўнг, адвокатлардан бири Санжар Каримовнинг хонадонида ўтказилган тинтув жараёнларининг видеосини раислик қилувчининг сўзларига мувофиқ судья ва судланувчи Каримовнинг ўзигагина кўрсатди. Айни шу ҳолатдан сўнг адвокатларда саволлар кўпайишни бошлади. Судланувчининг ҳимоячилари жараённинг ўзида судга 10 га яқин илтимосномалар киритди, аммо у илтимосларнинг бирортаси раислик қилувчи томонидан қўллаб қувватланмагач, адвокатлар судда иштирок этаётган прокурорни алмаштириш ёки умуман судьялар ҳайъатини ўзгартириш илтимосномасини киритишди.

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 409-моддасида ўша прокурорларимизнинг суддаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари кўрсатиб ўтилган. Бу жараён судда улар фақатгина айбловни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан эмас, балки ишни холисона, адолатли ва Жиноят-процессуал кодексида кўрсатилган талаблар асосида қонуний олиб борилишини аслида улар таъминлаши керак. Прокуроримиз ишнинг ҳолатлари бўйича аниқ бир тушунча бермасдан, булар вақтни чўзяпти деб эътироз билдирган ҳолда илтимосномамизни рад қилишлари, ҳамкасбларимиз томонидан прокурорлар дастлабки суд ҳукмини қўллаб-қувватлаш нуқтаи назардан фаолият олиб борди суд жараёнида, деган фикрларни билдириб ўтишди ва бу жараёнлар бевосита дастлабки ҳукмни яна қайтадан чиқариш деган масала кўриниб қоляпти. Шу сабабли, бизлар прокурорга ҳам эътироз билдирдик. Суд мажлиси иштирокчисини, яъни прокурорни ва судьяни рад этиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 76-моддасининг биринчи қисми, учинчи бандида кўрсатилган. Ишни холисона ва қонуний тартибда кўриб чиқилишига шубҳаланаётган бўлса, томонлар эътироз билдириш ҳуқуқига эга, уларга рад қилиш бўйича ва бу жараёнлар бевосита уларни ўзини-ўзи рад қилиш тўғрисида ёки судьяларни, прокурорни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқариш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Бу ерда ҳаммаси қонуний талаб. Энди битта нарса – бу жараённи бошқача қилиб талқин қилиш керак эмас. Бу суд жараёни, бу тортишув қонунда кўрсатилган. Мен, масалан, шахсан судьяларга нисбатан шахсий адоватимиз йўқ ёки уларни ҳам бизга нисбатан шахсий адоватини сезганимиз йўқ. Агар сезган бўлганимизда, бизлар ҳам ўзимизнинг чораларимизни кўрган бўлардик. Лекин фақатгина битта нарса, суд процесслари натижасида бизларда, адвокатларнинг шахсий фикри бўйича иш якунида гўёки биринчи инстанция судининг ҳукми яна қайтадан такрорлаб ўқилади деган, яъни кучда қолди деган фикр пайдо бўляпти. Ваҳоланки, мана ўша биринчи инстанция суди ҳукми 8 май куни чиқарилган бўлса, бугунги кунгача нега бўлмаса апелляция бердик? Апелляция жараёнларида бу нарсалар кўриб чиқилмаса, етарлича изоҳ берилмаса, илтимосномалар қаноатлантирилмаса, нимага ойдинлик киритилади?” дейди Санжар Каримовнинг адвокати.

Барча илтимосномалар рад этилгач, судланувчи Санжар Каримов ўз фикрларини билдирди.

“Берган илтимосномамнинг мақсади нима бўлган? Адолатли суд ҳукми. Тинтув ноқонуний бўлганлигини мана бутун оммавий ахборот воситалари, ҳамма кўрди. Менинг конституциявий ҳуқуқим бузилганлиги ҳақида амин бўлинди. Конституциянинг 31-моддасида ёзиб қўйилган: фақат ажрим билангина хонадонга кириш мумкин. Биронта бир ажрим ҳам йўқ-ку. Видеода кўрсатилаётган хонадон у бутунлай бошқа хонадон. Ўша кириб келаётган хонадоннинг ажрими борми? Йўқ. 158-моддада кечиктириб бўлмайдиган тинтув ҳаракатларини амалга ошириш деган ёзув ёзилган. Ўша кечиктириб бўлмайдиган қарорнинг ўзи ҳам йўқ-ку. Агар суднинг ажрими бўлса, ўшанда хонадонга кириш мумкин. Тинтув қилиш мумкин. Лекин менда ажрим қани? Қонун доирасида агар ажрим бўлмаса, бу 95-1-моддага кўра номақбул далил бўлиши керак. Наҳотки мен шундоқ бир тадбиркор, орқамда катта турган аудитория бор, таниган инсонла бор, мен қанақадир миллиграмм нарсани кимга сотаман? Наҳотки мени 400 минг сўмга шу беш йилга қамаб юбориш тўғри бўлса? Майли, бугунги асосий илтимосномамиз нимадан иборат эди? Пальтонинг ичидан топилди дейиляпти. Пальтода топилган видео тасвирини бирга кўрайлик, дедик. Борми шу видео тасвири? Йўқ. Қанақа қилиб бу пальтонинг ичидан бу нарса топилди? Пальтони ДНК қилишганда қўл изларим топилган. Хўп, кечирасиз, тушунадиган инсон Y-хромосомага асосан натижа анализ берибди. Ҳа, Y-хромосома ота билан ўғилники бир хил бўлади-ку. Нью-Йоркдан олиб келинган хулосаларда ҳам кўрсатилган, индекс деградацияни, 2.0 индекс деградация квантиплекс “оборудованияда” агар бўлса, айнан аллелия локуслари тушиб кетишини айтган. Қанақа қилиб у ДНКни ушлайди, агар деградация баланд бўлиб, айнан локуслари тушиб кетса? Ундан ташқари, “Версаплех” комплексда текширганда, деградацияси тўғри келмаяпти. Пальто менга тегишли эмаслигини кўрсатяпти. Мана бугун бир флешка берилди – америкадан яна бир қўшимча далил. Флешкада отамга рецепт ёзиб берган, айнан “тетраканнабис”, “тетраканнабинол” ёзиб берган доктор видеода айтяпти: “Ҳа, ростдан ҳам мен докторман. 2023 йилдан бери менинг назоратимда бу бемор. Мен ўша рецептни ёзиб берганман. Бизнинг ноодатий терапиямиз ёрдамини берди, яхши натижа кўрсатди”, деб видеоёзув қилган. Ўша нарсани биз бугун исботлаб бермоқчи эдик. Рад қилиб юборяпти ҳамма нарсани. Видеода терговчи айтяпти: “Биз мана бу, мана бу адресдамиз, ҳозир тинтув жараёнини бошлаймиз”, деб. Ваҳоланки, у видеода эшикни бузиб очаётган “адреси” бутунлай бошқа. Топилган ашёнинг видеоси ҳам йўқ. Мен исботлашимга бирор бир далил ва ойдинлик киритишга фурсат бўлмаганлигидан жуда ҳам ҳафсалам пир бўлди. Мен адолат сўраб апелляция судига келгандим”, дейди судланувчи Санжар Каримов

Шундай қилиб, суд янги далилларни ўрганиб чиққунига қадар суд ишининг давоми 2 сентябрь кунига қолдирилди.

Умидбек Сулаймонов


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг