“Реал” мухлисларининг 86 фоизи Винисиуснинг кетиши тарафдори – сўровнома
Спорт
−
23 Декабрь 906 1 дақиқа
Испаниянинг “Marca” нашри томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, “Реал Мадрид” мухлисларининг 86 фоизи жамоа ҳужумчиси Винисиус Жуниорни сотиш энг тўғри қарор бўлади, деб ҳисобламоқда. Мухлислар фикрича, бразилиялик футболчининг клубдаги мавқеи деярли тиклаб бўлмас даражада хавф остида қолган.
25 ёшли футболчи атрофидаги навбатдаги можаро Испания Ла Лигасининг 17-турида бўлиб ўтган “Реал Мадрид” ва “Севилья” (2:0) учрашуви давомида авж олди. Учрашув якунида Винисиус алмаштирилганидан сўнг трибуналардан ҳуштак овозлари янгради. Бунга жавобан бразилиялик ҳужумчи ижтимоий тармоқлардаги профилидаги расмини Бразилия терма жамоаси либосидаги суратига алмаштирди ва бу ҳолат мухлислар билан муносабатларни янада кескинлаштирди.
Винисиус Жуниор жорий мавсумда “Реал Мадрид” сафида барча мусобақаларда 24 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзига қадар мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Винисиус Жуниор бош мураббий Хаби Алонсо билан муносабатларининг таранглигидан келиб чиқиб, шартномани узайтирмаслик ниятида эканини маълум қилган эди.