АОКА раҳбари ОАВ ходимларини табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Дилшод Саиджонов 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларини табриклади. 

Дилшод Саиджонов ўз табригида ОАВ ходимлари куни тарихига назар ташлаб, ўзбек тилидаги илк газета "Тараққиёт"ни эслаб ўтди.

“Азиз дўстлар!

Бугун биз касб байрамимиз — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини нишонлаяпмиз. Ҳаммамиз учун муҳим бўлган бу кунда биз ушбу фидойи, мураккаб, масъулиятли ва олижаноб касб вакилларини шарафлаймиз.

Бир асрдан зиёд вақт аввал, 1906 йилнинг 27 июнида ўзбек тилидаги илк газета бўлмиш "Тараққий"нинг биринчи сони олам юзини кўрди. Айнан шу тарихий сана мустақил Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонлана бошланди", дея таъкидлайди Саиджонов.

АОКА раҳбари сўнгги йилларда ахборот эркинлиги таъминланаётганига эътибор қаратган. У жамиятда журналист ва блогерларнинг таъсири тобора ортиб бораётганига алоҳида урғу берган.

Бу касб байрами сўнгги йилларда янгича мазмун касб этди. Президент Ш.Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, унинг халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш ғояси натижасида давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланиб, бу Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишига айланди.

Шу муносабат билан, ўтган даврни таҳлил қилар эканмиз, ишонч билан айтиш мумкинки, журналистлар ва блогерлар мамлакат ҳаётининг ажралмас қисмига айланди, аҳоли орасида уларнинг нуфузи ошди, таниқли исмлар ва таҳаллуслар пайдо бўлди. Бу эса уларнинг ҳақиқий журналистика кучини борган сари кўпроқ ҳис қилаётган кўп миллионли аудиториянинг ҳурмати ва эҳтиромига сазовор бўлаётганидан дарак беради. Бу куч ҳеч кимга хотиржамликка берилишга йўл қўймаяпти, доим воқеа-ҳодисалардан хабардор ва давлат органларига жамият олдидаги вазифаларини мунтазам эслатиб турибди. Бу, шубҳасиз, катта ютуқ ва шу билан бирга Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосидир!

Давлат раҳбарининг белгилаб берган йўналиши мамлакатда шаклланаётган фуқаролик жамиятининг муҳим қисмига айланган нодавлат интернет-журналистика ва блогерликнинг жадал ривожланишига сабаб бўлди. Бугун уйқудан уйғонишимиз билан ижтимоий тармоқ ва мессенжерларга киришга ошиқамиз, ҳаётимизни реал вақт режимидаги янгиликлар ва постларсиз, матбуот ва электрон нашрлардаги долзарб мақолалар, ижтимоий тармоқлардаги қизиқарли, танқидий ва фикрлашга ундовчи материалларсиз тасаввур эта олмаймиз", дейди Саиджонов.

Ўз навбатида давлат идораларининг ахборот тарқатувчилари ҳам ОАВдан қолишмасликка ҳаракат қилаётгани айтиб ўтилган. Жумладан, шундай дейди:

Алоҳида таъкидлашни истардимки, оммавий ахборот воситаларининг асосий эътибори инсон, унинг кундалик ҳаёти, ўй-хаёллари, қизиқишлари, орзу ва мақсадларига қаратилган. Бу мамлакатимизда етук, фуқаролик ва прогрессив фикрловчи журналистиканинг шаклланиши нуқтаи назаридан жуда муҳимдир.

Нафақат расмий ахборотнинг бирламчи манбаси, балки фуқаролар ўзини қизиқтирган маълумотни олиши мумкин бўлган ресурс бўлишга интилаётган давлат органлари ахборот хизматлари ҳам ОАВ ва блогерлардан қолишмаяпти".

Сўнгги вақтларда вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари жамоатчилик орасидаги турли баҳсли ҳолатларга муносабат билдириб келаётгани айтиб ўтилган.

Шу нуқтада 2019 йилнинг 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида Президент томонидан матбуот котибларининг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини белгилаб берган қарор имзоланганига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Ўзбекистонда ҳамиша кучли иқтидорга эга матбуот котиблари бўлган, аммо шу дамдан жамиятга уларнинг янги қирралари очилди — энди ушбу касб эгалари фақат журналистлар билан ҳамкорликни ташкил этувчи ташкилот вакилларигина эмас. Бундан буён ахборот хизматлари раҳбарлари (400 га яқин мутахассис) вазирлар, раислар, директорлар ва ҳокимларнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиларидир. Улар шов-шувли воқеаларни шарҳлай оладиган, раҳбар номидан журналистларнинг мураккаб саволларига жавоб берадиган, ахборот маконида давлат органининг расмий нуқтаи назарини ифода этадиган ва ҳимоя қиладиган мутахассислардир. Мисол учун, 2019 йилда ОАВдаги танқидий мақолаларга жавоб қайтариш кўрсаткичи 10-15 фоизга тенг бўлган бўлса, бугунга келиб, 87 фоизга етди.

Бу йўлда уларни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги — фаолиятининг илк кунидан давлат органлари ва ОАВ ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш чора-тадбирларини амалга ошириб келаётган ташкилот ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Агентлик конструктив мулоқот учун ўзига хос майдон бўлиб хизмат қилишга ҳаракат қилмоқда ҳамда журналистлар ва блогерлар ҳамиша керакли ахборотга эга бўлишлари учун шароит яратмоқда", дея қайд этган Дилшод Саиджонов.

Ютуқлар билан бир вақтда АОКА раҳбари камчиликларга ҳам тўхталиб ўтган. Хусусан, журналистларнинг фикрларини баъзида тинглатишга тўғри келаётгани таъкидланди. 

Ҳурматли ҳамкасблар!

Албатта, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш ва ОАВни ривожлантириш бўйича амалга оширадиган ишларимиз ҳали кўп, бу борада муаммолар етарли. Афсуски, баъзан журналист ва блогерлар ўзларининг сўзлаш ва фикрлаш эркинликларини, "тингланиш ҳуқуқи"ни ҳимоя қилишларига тўғри келмоқда. Бундай ҳолатлар, албатта, журналистлар ҳамжамияти ва бутун жамиятнинг назаридан четда қолиши мумкин эмас.

Айнан шунинг учун бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ОАВ соҳасини янада либераллаштириш ва давлат бошқарув органларининг янада очиқлигини таъминлаш доирасида қўшимча ҳуқуқий чораларни қабул қилиш устида ишламоқда. ОАВни рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби, давлат органлари томонидан журналистик сўровларни кўриб чиқиш муддатларининг қисқартирилиши, журналистик фаолиятга аралашув ва қаршилик қилиш учун жавобгарликни ошириш, блогерларга журналистларники каби ҳуқуқлар бериш, туҳмат учун озодликдан маҳрум қилишни бекор қилиш, янги таҳрирдаги "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш кабилар шулар жумласидандир", дейди АОКА раҳбари.

Сўзида давом этиб, Саиджонов журналистлар қонунчилик меъёрлари ва касбий этикага амал қилиш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, журналистлар ўз устида ишлаб, ОАВни "тўртинчи ҳокимият" даражасига олиб чиқиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Яна шуни ҳам таъкидлашни истардимки, журналистлар ҳамжамияти ўзини-ўзи бошқариши, ОАВ ходимлари ва блогерларнинг ахборот ишончлилиги таъминланишига асосланган миллий қонунчилик меъёрлари ва касбий этикага амал қилиши ҳам долзарб масалалардан.

Журналистлар ҳамда матбуот котибларининг малакасини ошириш, бу соҳада хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва қўллаш масалалари ҳам ўта муҳим. Фақатгина ўз устимизда тинимсиз ишлаш, миллий журналистиканинг профессионаллик даражасини такомиллаштириш орқали ОАВни халқ ва инсон манфаатларига хизмат қилувчи ҳақиқий "тўртинчи ҳокимият"га айлантиришимиз мумкин.

Сўзи якунида Дилшод Саиджонов журналист ва блогерларга самимий тилакларини билдириб, муваффақиятлар тилаган.

Азиз дўстлар!

Ушбу байрамона кунда касб айёмингиз муносабати билан энг илиқ табрикларимизни қабул қилгайсиз. Биз фидойилигингиз, истеъдодингиз, юксак ғояларга содиқлигингиз, меҳнатингиз, ҳар бир инсоннинг юрак-юрагига кириб борувчи ва ҳаётимизни янада яхшилашга хизмат қилувчи сўзингиз учун сиздан чин дилдан миннатдормиз.

Сизга ижодий юксалишлар, мушкул, аммо олижаноб ишингизда муваффақиятлар, танлаган йўлингизда доим собит ва ахборот маконида етакчи бўлишингизни тилаб қоламиз.

Байрамингиз билан!”


Мақола муаллифи

Теглар

Дилшод Саиджонов

Баҳолаганлар

5

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг