Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон-Сурия ўйинидан сўнг нималар деди?
Спорт
−
02 Март 2023
11119Футбол бўйича U-20 Осиё чемпионатининг дастлабки туридан ўрин олган Ўзбекистон-Сурия ўйини якунланди. Баҳс 2:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлди. Учрашувдан сўнг Ўзбекистон ёшлар жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Ўйин қийин кечишини билардик ва бунга тайёр эдик. Сурия ҳам яхши жамоа. Улар зич ўйин кўрсатди. Натижа адолатли бўлди деб ўйлайман. Якуний вазиятларни голга айлантириш борасида иш олиб боришимиз зарур. Ҳужумларни якунлашда қийналдик. Бунга сабаб ортиқча иштиёқ деб ўйлайман. Стандартлардан гол урганимиз хурсанд қилди. Йигитлар босимни ҳис қилди. Бу ёшда табиий ҳол. Ўйиндан ўйинга кучайиб борамиз. Ироққа қарши кейинги баҳсга тайёргарлик ҳозирдан бошланади. Бу ғалаба билан ҳали ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ”, дейди Ҳайдаров.
Ҳозирги вақтда “А” гуруҳида Ўзбекистон ва Ироқ терма жамолари 3 очко тўплаган ҳолда етакчи бўлиб турибди.
Маълумот учун, Ўзбекистон-Ироқ ўйини 4 март куни пойтахтдаги “Бунёдкор” стадионида ўтказилади. Баҳс 19:00 да старт олади.
LiveБарчаси