Расмий Тошкент Блинкеннинг Ўзбекистонга келаётганини тасдиқлади
Жамият
−
24 Февраль 2023
9516
Аввалроқ, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистонга ташриф буюраётгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Блинкеннинг Тошкентга сафарини тасдиқлади. Маълум қилинишича, сафар 28 февраль – 1 март кунларига режалаштирилган.
“Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен 2023 йил 28 февраль – 1 март кунлари Тошкент шаҳрига ташриф буюради. Ташрифнинг асосий мақсади Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишдан иборатдир”, дейилади расмий Тошкент хабарида.
АҚШ Давлат департаменти Матбуот хизмати раҳабари Нед Прайс берган маълумотларга кўра, Энтони Билинкен жорий йилнинг 28 февралидан 3 мартигача Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга ташриф буюради.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Америка дипломатияси раҳбари Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва АҚШ ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик механизми бўлган форматдаги вазирлар учрашувида иштирок этади.
1 март куни Блинкен Нью-Деҳлига учади ва у ерда G20 давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этади.
Маълумот учун, бу Энтони Блинкеннинг давлат котиби лавозимига тайинланганидан бери Ўзбекистонга илк ташрифи. У Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиши кутилмоқда.