Расман: Юлдуз Усмонова масаласи ёпилди
Жамият
−
10 Июнь 2020
76515Аввалроқ, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова мамлакат ички ишлар тизими ходимларини ҳақоратлаганига бир ой тўлгани, бу вақт ичида у жазосиз қолаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ваҳоланки, Ички ишлар вазирлиги хонанданинг ҳақоратли видеомурожаатидан кейин кескин баёнот билан чиққан ва у жазоланишини маълум қилганди. Вазирлик Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов эса маданият ходимининг руҳий соғломлигига шубҳа билдирганди.
Жамоатчилик орасида муҳокама ва мунозарага сабаб бўлган можаро бўйича очилган маъмурий иш қандай кетаётганини билиш учун QALAMPIR.UZ яна бир бор Шоҳруҳ Ғиёсовга микрафон тутди.
“Жамиятда қонун устуворлиги таъминланмаса, бу жамият ҳеч қачон ривожланмайди. Биз ҳозирги вақтда шунга келишимиз керакки, ким бўлишидан қатъи назар қонун устуворлиги таъминланиши шарт. Биз шунга ҳаракат қиляпмиз ва уни амалга ошириш учун катта ишлар қилиняпти. Бунинг натижаси ҳам кўриляпти.
Ҳозирги пайтда кўпчилик айтяпти “оддий фуқаролар, блогерлар узр сўради-ку”. Бу асосан карантин вақтида кучайиб кетди. Чунки карантинда юрганда, буларни жазолашни халққа етказиш орқали, тарбиявий эффектни кучайтиришга ҳаракат қилиб кўрдик. Лекин бунда фуқароларнинг асосий жазосидан ташқари, уларнинг шахсиятига, нафсониятига тегиш кучайиб кетди. Ҳуқуқбузарик содир этилгандан кейин жазо битта бўлади, қўшимча узр сўраш ҳеч қаерда кўрсатилмаган.
Юлдуз Усмонова ҳолатига келадиган бўлсак, у ҳақиқатан ҳақорат қилди, буни биз кўрдик. Ҳолат бўйича шуғулланишни бошладик, суриштирув олиб борилди. Юлдуз Усмонова ўзининг “Тушунтириш хати”да айтяптики, у Сардобада юз берган фожиа жабрланувчиларига ёрдам бериш учун ўзи фуқаролардан сўраб, уларга моддий ёрдам тўплаш мақсадида бўлган. Ўзининг айтишича, бу орада у 2-3 кун ухламаган. “Айбимни тан оламан. Шу орада 2-3 кун ухламаган эдим. Асабларим таранг эди”, деди Юлдуз Усмонова. Шу вақтда “ГАИ” ходими обормайман деб айтган. Чунки кундузи олиб бориши керак бўлган. Ҳаммаси йиғилиб, шундай ҳолатга олиб келди.
Айрим ҳолатларда одам ўйламасдан, билмасдан ёки руҳий зўриқиш таъсирида гапириб қўйиши мумкин. Кейин эса ўзи пушаймон бўлади. Ҳудди шундай ҳолат юз берди. Юлдуз Усмонова ўзининг айбини тан олди. “Руҳий зўриқиш оқибатида шундай қилдим. Бу мен учун жуда уятли, керак бўлса, мен узр сўрайман. Ота-оналаридан керак бўлса, кечирим сўрайман”, деди. Кейин нима бўлганини кўрдинглар.
Жавобгарлик масаласига келганда, жамиятда балансни ушлаб турадиган айрим ижтимоий ҳолатлар бор. Мисол учун, Юлдуз Усмонованинг шахсига келадиган бўлсак, бу халқ артисти, халқимизнинг ишончига, ҳурматига сазовор одам. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тайёрлайдиган қўшиқлар куйлаган. Шуларни, бундан ташқари, у ўша пайтда руҳий зўриққанлигини ва Пост-патруль хизмати ходимлари, профилактика инспекторлари ва “ГАИ” ходимлари унга нисбатан адовати йўқлигини инобатга олган ҳолда кечиримлилик, фуқароларга имконият бериш принципидан келиб чиқиб, Усмоновага нисбатан маъмурий иш тўхтатилган”, деди вазирлик вакили.
Эслатиб ўтамиз, 4 май тонгида интернетнинг ўзбек сегменти Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ғазаб ва нафрат тўла мурожаатидан карахт бўлиб қолди. Хонанданинг бу ғазаби бир ё икки шахсга эмас, бутун бошли мамлакат Ички ишлар тизими ходимларига қаратилганди.
“Асло рози эмасман. Халқ эшитсин. Юрт-олам эшитсин. Милиция абсолютно не работает. Ҳозир Каримов даврида яшамаяпсизлар клизма олгани, шунчалик ҳам клизмага ўрганиб қоласизларми?”, деган Усмонова ҳиссиётга берилиб.
У сўзида давом этаркан, қўл соатига ишора қилиб ходимлар ухлаб ётганини айтади.
“Уят борми, виждон борми? Халқни “налог”идан ойлик оляпсанлар, нима қиляпсанлар? Биттангни топиб бўлмаяпти, ҳамманг ухлаб ётибсан”, дейди Юлдуз Усмонова.
Видео сўнгида Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимлари халқ меҳрини меҳнат билан қозониши кераклигини айтиб, журналистлардан ушбу воқеаларни нашрларда эълон қилишни сўраган.
Маданият ходимининг ижтимоий тармоқдаги жонли эфирда Ички ишлар ходимларига қарата “Падарлаъанати бўлдиларинг бугун”, каби сўзларни айтиши жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.
Усмонованинг “қайноқ” чиқишига дастлаб Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Кўп ўтмай, Усмонова Ички ишлар ходимларидан кечирим сўради.
Юқорида айтганимиздек, ИИВ бунга кескин муносабат билдирди ва одамлар адолат қарор топишини, Юлдуз Усмоновага қонуний чора кўрилишини кута бошлади. Аммо Усмонова жазога тортилмади. Энди унинг жазога тортилмаслиги ҳам расман маълум қилинди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь