Расман! Про-лига вакили лигадан четлаштирилди
Спорт
−
16:07 856 2 дақиқа
Термизнинг “ТерДу” клуби кетма-кет иккита расмий учрашувда иштирок этмагани сабабли Про-лига иштирокчилари сафидан чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 17 октябрь куни Ижроия қўмитаси аъзоларининг онлайн йиғилиши бўлиб ўтган. Унда қўмитанинг етти нафар аъзоси регламентга мувофиқ “ТерДу” клубини мусобақадан четлаштириш зарурлигини таъкидлаган. Яна бир аъзо эса жамоага мавсум якунига қадар расмий учрашувларда иштирок этиш имкониятини беришни таклиф қилган.
Йиғилишда Ўзбекистон футболчилари уюшмаси раиси, Ижроия қўмитаси аъзоси ҳам клубнинг футболчилар олдидаги молиявий мажбуриятларига эътибор қаратган.
Маълум бўлишича, футболчилардан қарздорлик мавжудлиги сабабли Ассоциациянинг тегишли қўмитаси Термиз клубига нисбатан трансфер тақиқини жорий этган.
Муҳокама давомида клубнинг кейинги расмий учрашувларда иштирок этиши футболчилар олдидаги қарздорликни бартараф этиш учун етарли асос бўла олмаслиги қайд этилган. Бунга клубнинг уй учрашувларини Термиз шаҳрида ўтказа олмаётгани, шунингдек, чипталар савдоси ва қўшимча ҳомийлар орқали даромад олиш имконияти мавжуд эмаслиги сабаб сифатида кўрсатилган. Якунда Ижроия қўмитаси аъзоларининг кўпчилик овози билан “ТерДу” клубини Про-лигадан четлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон U19 чемпионати якунига бир тур қолгани ва қайд этиладиган натижадан қатъи назар “ТерДу U19” жамоасининг дастлабки тўртликка кириш имконияти қолмагани инобатга олиниб, 21 октябрь куни ўтказилиши режалаштирилган “Хоразм U19” – “ТерДу U19” учрашуви ҳам бекор қилинган.
Шунингдек, “ТерДу” клуби Лига олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажарган тақдирда, келаси мавсумни Биринчи лигада ўтказиш имконияти берилиши маълум қилинган.
Live
Барчаси