Амударё қурияптими? Вазирлик изоҳ берди
Local
−
13:24 1551 1 minute
Ижтимоий тармоқларда Амударё қуриб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Амударёда сув оқими сақланиб қолмоқда, айрим кўрсаткичлардаги пасайиш эса мавсумий гидрологик жараён ҳисобланади. Кеча, 9 октябрь кунги ҳолатга кўра, Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган қисмидаги Термиз гидропостида сув сатҳи 239 сантиметрни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 сантиметр юқори.
Шу билан бирга, Керки гидропостида сув сарфи секундига 499 куб метрни ташкил қилмоқда. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан секундига 63 куб метрга кам.
Вазирлик маълумотларига кўра, Амударё ҳавзасининг юқори қисмида, Тожикистон ҳудудида жойлашган Нурек сув омборига секундига 408 куб метр сув келиб тушмоқда, ундан эса секундига 320 куб метр сув чиқарилмоқда. Сув омборидаги сув ҳажми 10 миллиард 540 миллион куб метрга тенг.
Билдирилишича, сентябрь-октябрь ойларида дарёларда сув сатҳи ва сарфининг пасайиши мавсумий гидрологик жараён ҳисобланади. Вегетация мавсуми якунланиши муносабати билан сув омборларида кейинги мавсум эҳтиёжлари учун сув захиралари тўпланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёдаги энг йирик ички сув ҳавзаси ҳисобланган Каспий денгизининг сув сатҳи тобора пасайиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All