Расман: “Пахтакор” ОЧЛнинг кейинги босқичига йўл олди

Спорт

image

Кеча, 17 февраль куни Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирида сўнгги тур ўйинлари ўтказилди. Плей-офф босқичига йўл олган жамоалар номи аниқ бўлди.

“Пахтакор” учун эшиклар очилди

Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирининг сўнгги 8-турида “Пахтакор” ўз уйида Қатарнинг “Ал-Садд” клубини қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйин якунланганидан кейин жамоа рақобатчиларининг ўйинини ҳам тугашини кутишга мажбур бўлди. Аммо сабрнинг таги сариқ олтин дейилганидек, “шерлар” кутганига яраша натижага эришди. Яъни “Пахтакор” билан ёнма-ён келаётган клублар, “Персеполис” ва “Ал-Гарафа” дуранг ва мағлубият қайд этди. Аниқроғи, Эрон клуби ўз майдонида Саудиянинг “Ал-Наср” жамоасини қабул қилиб, нурсиз 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. “Ал-Гарафа” эса меҳмонда “Ал-Аҳли”га 4:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу икки натижанинг ўзи эса “Пахтакор”га кейинги босқичга чиқиш учун етарли бўлди. 

Бугун, 18 февраль куни ОЧЛ Элит сўнгги тури доирасида яна иккита ўйин бўлиб ўтади. Пешқадамлар сафида бораётган “Ал-Ҳилол” ўз уйида “Ал-Васл”га қарши майдонга тушса, “Ал-Райян” Эроннинг “Истиқлол”ини қабул қилади. Ушбу учрашувлар орасида “Ал-Райян” - “Истиқлол” ўйини натижаси турнир жадвалида ўзгариш ясаши мумкин. Чунки агар “Истиқлол” ғалаба қозонса, эронликларнинг очколар сони 9 тага етади ва шунда ҳам “Пахтакор”нинг ўрнига таъсир қилмайди. “Истиқлол” ғалаба қозонса, яна бир Эрон клуби “Персеполис” турнирни тарк этади. Сабаби тўплар нисбати тошкентликларда яхшироқ.

“Шерлар”нинг навбатдаги рақиби ким бўлади?

“Пахтакор”нинг кейинги босқичдаги рақиби номи бугун аниқ бўлади. Турнир жадвалида 1- ва 2-ўринни олган клублар, “Ал-Аҳли” ёки “Ал-Ҳилол” бўлади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Ал-Ҳилол” ўз  уйида “Ал-Васл”ни қабул қилади ва агар ғалаба қозонса ҳамда “Ал-Райян” ўз уйида “Истиқлол”ни мағлуб этса, ёки ютқазса “Пахтакор”нинг якуний ўрни аниқ бўлади. Аммо шуниси аниқки, “Ал-Ҳилол” ёки “Ал-Аҳли”дан бири “шерлар”нинг навбатдаги рақиби бўлади.

“Пахтакор” қандай натижалар қайд этди ва қанча ишлаб олди?

Тошкент клуби Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирида 8 турда 1 ғалаба, 4 дуранг ва 3 мағлубият қайд этди. Эътибор бердингизми? Гуруҳ босқичидаги 8 турда атиги биргина ғалаба билан “Пахтакор” кейинги босқич масаласини ҳал қилмоқда. Тўплар нисбати эса, 4 та гол уриб, 6 тани ўтказиб юборган. Бор-йўғи 4 та гол етарли бўлди. 1/8 финал босқичи ўйинлари 3-4 март кунлари ўтказилади. Клубнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори жиҳатидан олиб қарасак, бу жуда ёмон натижадек кўринади. Аммо жамоа янги мавсумга тайёргарлик жараёнини қолган ўзбек жамоаларидан кўра яхшироқ ўтказди, таркиб тубдан кучайтирилди. Бир қанча легионерлар ва клубнинг собиқ футболчилари олиб келинди. Жамоанинг мақсади ва ҳаракати ўтган мавсумдагидан кескин фарқ қилмоқда. Буёғига Суперлига янги мавсуми ва ОЧЛ Элит плей-офф босқичидаги натижаларига қараб, баҳо берилади ва хулоса чиқарилади.

“Пахтакор” гуруҳ босқичи доирасидаги иштироки учун 800 минг доллар, “Ал-Садд”ни мағлуб этгани учун 100 минг доллар ва 1/8 финалга йўл олгани учун 200 минг доллар, умумий 1,1 миллион доллар ишлаб топди.


Мақола муаллифи

Теглар

Пахтакор Осиё Чемпионлар лигаси Элит Плей-офф босқичи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг