Бу йил ОТМга кириш учун 2 та фандан тест топширилади
Жамият
−
12 Май 2020
24373Жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган йиғилишда коронавирус пандемияси сабаб бу йил олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини соддалаштирган тартибда ўтказиш бўйича топшириқ берилганди.
Давлат тест марказининг маълум қилишича, абитуриентларни қийнаб қўймаслик мақсадида фақат 2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу 2 та мутахассислик фанлари 2019 йил декабрь ойида белгиланган тартибда тасдиқланиб, кенг жамоатчиликка эълон қилинганди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, инфеция бутунлай бартараф этилмаган шароитда абитуриентларнинг 1000 ўринлик биноларда 3-4 соат қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади.
Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфексия қилинади. Буларнинг бари тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.
Қайд этилган ушбу жараён ҳам карантин чекловлари бутунлай олиб ташлангандан сўнг амалга оширилади.
“Кейинги ўқув йилидан бошлаб, ҳамма жараён белгиланган тартиб-қоидалар асосида бўлишини такроран эслатиб ўтамиз”, дейилади ДТМ хабарида.