21 ёшли аёл рашк қурбони бўлди
Жамият
−
20 Июнь 2019
7505Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридаги хонадонлардан бирида 21 ёшли аёлнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди. Ўтказилган суриштирув натижасида аёл рашк оқибатида таниши томонидан ўлдирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 18 июнь куни соат тахминан 11:00 да Гулистон шаҳри, 4-мавзедаги хонадонлардан бирида 1998 йил туғилган фуқаро Ў.А.нинг (аёл) жасади қотиллик аломатлари билан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят қўзғатилган.
Аниқланишича, Ў.А.ни Сирдарё вилояти, Мирзаобод туманида яшовчи фуқаро 1993 йилда туғилган А.И. ўлдирган. А.И. таниши Ў.А. ухлаб ётганидан фойдаланиб, ўзи билан олиб келган ип бўлаги билан унинг бўйнидан бўғиб, қасддан ўлдирган. Сўнг, бўйнида бўлган тилла занжир, 1 жуфт тилла зирак, пластик карточкаси ва “Samsung Galaxy” русумли уяли телефонини қўлга киритган.
Жиноятнинг гумон қилинувчи А.И. томонидан содир этилганлиги унинг иқрорлик аризаси, кўрсатувларини ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракатлари, марҳумага тегишли бўлган далилий ашёлар: пластик карточкаси, ҳодиса жойидан олиб кетилган тилла буюмлар, “Samsung Galaxy” русумли уяли телефони, бармоқ излари, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар мажмуи билан тасдиқланмоқда.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
LiveБарчаси