Рамзан Қодиров сенатор Керимовдан “қонли қасос” олишга ваъда берди
Олам
−
10 Октябрь
22731Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров доғистонлик сенатор Сулаймон Керимов ва Давлат думасининг икки депутатига қарши расман “қонли қасос” эълон қилишини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Телеграм-каналида жойлаган видеода сўз очган.
Қодиров ўз каналида Чеченистон хавфсизлик блоки қўмондонлари ва раҳбарлари билан учрашув ўтказганини маълум қилган. Хабар билан бирга у асосан чечен тилида гаплашилган учрашувдан парчалар акс этган тўққиз дақиқалик видеони чоп этди.
ТАСС агентлигининг ёзишича, Қодиров Керимов, шунингдек, Давлат думаси депутатлари Бехан Барахоев ва Ризван Қурбоновни Wildberries офисидаги воқеа контекстида тилга олган.
“Агар улар аксини исботламаса, Барахоэв, Керимов Сулаймон, Қурбонов Ризвонга қарши расман қонли қасосни эълон қиламан. Гувоҳлар бор, улар буюртма берган одамлар бор, улар Рамзан Қодировнинг ўлдирилиши учун буюртмани қанчага қабул қилиши мумкинлигини сўрашган”, деган Чеченистон раҳбари.
Аниқлик киритилишича, Қодиров Wildberries офиси яқинидаги отишма муҳокамасидан кейин Керимов ҳақида гапира бошлаган.
“У ерда бизнес билан боғлиқ вазият бор эди. У ерда Бехан Барахоев, Сулаймон Керимов, Ризван Қурбонов бор эди. Уларнинг ўз бизнеслари бор", дейди Қодиров.
Қодиров ўзининг Telegram-каналидаги постида, шунингдек, учрашув чоғида Wildberries компанияси офисидаги воқеани муҳокама қилишганини ёзади.
“Бунга астойдил миллий ранг бериб, можаронинг қўзғатувчилари гўёки Қодировнинг одамлари эканини айтадиганлар бор. Мен бу мавзуни шишираётган барчага мурожаат қиламан. Агар кимдир Қодировнинг одамларига нисбатан шикояти бўлса, уни шахсан менга билдирсин, чунки мен асосий Қодировман”, деб ёзган Чеченистон раҳбари.
Маълумот учун, 18 сентябрь куни тушдан кейин Москвадаги Wildberries марказий офисида отишма юз берди. Wildberries асосчиси Владислав Бакалчук бир нечта чеченлар билан бирга компания офисининг эшиги олдига келган. Шундан сўнг, улар ва компания хавфсизлиги ходимлари ўртасида отишма содир бўлиб, икки ингуш қўриқчиси ҳалок бўлди.
Компания матбуот хизматининг билдиришича, Владислав Бакалчук хавфсизлик хизмати ходимлари билан биргаликда бинога ноқонуний равишда киришга уринган. Унинг ўзи эса олдиндан келишилган учрашувга келганини даъво қилмоқда.
Владислав Бакалчук ҳибсга олинган, бироқ бир кундан кейин у қўйиб юборилган. Отишма Бакалчук жуфтлигининг ажралиши, шунингдек, Wildberries ва ташқи реклама оператори Russ’нинг бирлашиши фонида содир бўлди.
Федерал антимонополия хизмати Wildberries ва ташқи реклама оператори Russ’нинг бирлашишини маъқуллаган ва айнан шу келишув эр-хотинлар ўртасидаги келишмовчиликка сабаб бўлди. RusOutdoor ака-ука Мирзоянларга тегишли бўлиб, улар Федерация Кенгаши аъзоси ва Доғистоннинг "соя кардинали" Сулаймон Керимов билан узоқ муддатли бизнес алоқаларига эга.
Бўлажак келишув июнь ойида оммага маълум бўлди. Битим тарафлари ҳуқуқий ва молиявий параметрларни, шунингдек, бирлашиш форматини ошкор қилмади.
Орадан кўп ўтмай Рамзан Қодиров Владислав Бакалчук иштирокидаги видеони эълон қилди ва компанияда “босқинчилик” содир бўлаётганини айтди. Июнь ойининг охирида Wildberries асосчиси Татьяна Бакалчук эри билан ажрашиш учун судга даъво қилди. У бунга жавобан хотинига "таъсир ўтказишаётганини" ва у "ёрдамга муҳтожлигини" айтди.
Бизнесни ҳозирда аслида Татьяна Ким (собиқ Бакалчук) бошқаради, бироқ унинг эри ҳам ажралиш жараёни бошланганидан бери компанияга даъво қилган. Владислав Бакалчукнинг ўзи Қодиров билан саккиз йилдан бери танишганини ва дўст бўлганини тан олган.