Рамзан Қодиров қурдирган энг катта масжидни ўзбек архитектори лойиҳалаштиргани айтилди

Жамият

image

Бугун, 23 август куни Чеченистонда Европадаги энг катта масжид дея эътироф этилаётган масжид очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Ишчи номи “Рамзан Қодиров”, “Мусулмонлар ифтихори” деб номланган ушбу масжидга пайғамбар Муҳаммад с.а.в.нинг номи берилиши кутилмоқда. 

Эътиборли жиҳати шундаки, Шали шаҳрида қад ростлаган улуғвор ва кўркам масжид кўп асрлик бой меъморчилик анъаналарини безавол сақлаб келаётган маҳоратли ва қўли гул ўзбек меъморлари томонидан лойиҳалаштирилган ва Марказий Осиёга хос услубда барпо этилган.

Лойиҳа муаллифи – Ўзбекистонда кўплаб масжидларни яратишда иштирок этган ўзбекистонлик архитектор Абдуқаҳҳор Турдиев. Унинг айтишича, дунёда Шали масжидига ўхшаш масжид дунёнинг ҳеч бир бурчагида йўқ.
 
“Бу дунёда тенги йўқ ноёб лойиҳа. Албатта, баъзи нарсалар такрорланади, масалан, Самарқанд, Бухоро меъморчилигининг анъаналари Ислом цивилизацияси ва Чечен миллий меъморчилиги элементлари билан биргаликда ишлатилган”, дейди у.
 
Архитекторнинг сўзларига кўра, лойиҳага Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.  

“Ҳудуд жуда катта – беш гектар, бино қурилган майдон эса бир гектар. Дам олиш кунлари масжидда 100 мингга яқин одам йиғилиши мумкин. Мен шундай гўзал архитектурани яратганимдан жуда мамнунман”, дейди Абдуқаҳҳор Турдиев.

2012 йилда қурилиши бошланган ушбу масжид тўрт томондан кириш қисмига эга. Бинонинг ташқи ва ички томони оқ рангдаги тошлар, ўзбекона услубдаги орнамент ва нақшлар билан безатилган, шарқона безаклар билан уйғунлашиб кетган. Масжид қадимий Бухоро ва Самарқанд масжидлари услубига ўхшаш. Уни чор атрофдан тўрт минора ўраб туради. Уларнинг ҳар бирининг баландлиги 63 метрни ташкил этади. Масжид гумбазлари эса 43 метр баландликда барпо этилган. Масжиднинг ички ва ташқи деворлари оқ юнон мармари билан безатилган.

Маълумотларда қайд этилишича, ушбу масжид Европа минтақасидаги энг йирик масжид ҳисобланади. Масжидда бир вақтнинг ўзида 30 мингдан зиёд киши ибодат қилиши мумкин экан.

Масжид очилиш маросими доирасида Дурди шайх номидаги Қуръон ҳофизлари мактабининг тантанали очилиши, халқаро Қуръон мусобақаси ғолибларини тақдирлаш, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га бағишланган энг яхши нашида мусобақаси ғолиблари чиқишлари каби маросимлар ҳам ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамзан Қодиров Чеченистон

Баҳолаганлар

166

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг