Рамзан Қодиров 20 ёшли қизини янги лавозимга тайинлади
Олам
−
16 Март 2023
13805Чеченистон етакчисининг 20 ёшли қизи, Қодиров котибияти раҳбарининг ўринбосари Хутмат Қодирова эндиликда республика соғлиқни сақлаш тизимини бошқарадиган бўлди. Бу ҳақда Чеченистон ҳукумати раисининг ўринбосари Адам Алханов ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
“Чеченистон Республикаси раҳбари топшириғига кўра, бундан буён Чеченистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизими Хутмат Рамзановна томонидан назорат қилинади. Унинг раҳбарлигидаги реабилитация хизмати сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини кўрамиз. Энди Хутмат Қодированинг билим ва тажрибаси бутун тиббиёт соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади”, деб ёзган Алханов.
Таъкидлаш жоизки, Рамзан Қодировнинг қизлари республикадаги юқори давлат лавозимларини эгаллаши биринчи марта бўлаётгани йўқ. Масалан, унинг тўнғич қизи Аишат Қодирова республика Маданият вазирлигини бошқаради. Яна бир қизи Хадижат Қодирова эса Грозний мериясининг мактабгача таълим бўлими бошлиғи саналади.
Чеченистон раҳбарининг 17 ёшдаги ўғли Аҳмад Қодиров эса “Биринчилар ҳаракати” Бутунроссия болалар ва ўсмирлар ҳаракатининг республикадаги минтақавий бўлими кенгаши раиси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Рамзан Қодировнинг ўғли Аҳмад Қодиров уйлангани, тўйда 87 та Bugatti ва Rolls-Royce машиналаридан иборат кортеж хизмат қилгани айтилганди.
LiveБарчаси