Раисийнинг Туркияга сафари қолдирилди
Олам
−
28 Ноябрь 2023
4508Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг бугун, 28 ноябрь кунги Туркияга ташрифи қолдирилди. Бу ҳақда Эроннинг “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Раисийнинг Анқара сафари кейинроққа қолдирилган, аммо ташриф қайси санада амалга оширилиши ҳозирча номаълум. Агентлик ушбу қарор сабаблари ҳақида батафсил маълумот бермаган.
Туркиянинг “Yeniçаğ” газетаси ҳам ўз манбаларига таяниб, Раисийнинг Туркияга сафари амалга ошмаслиги ҳақида хабар берган, бироқ ҳозирча бу ташриф бекор қилингани ёки кечиктирилгани аниқ эмас.
Айни пайтда Туркия ҳам Раисийнинг ташрифи бекор қилингани ёки қолдирилганини тасдиқламаган.
"Одатда бундай ташрифлар олдидан матбуот учун тегишли билдиришнома эълон қилинади. Бу сафар эса бундай бўлмади. Бизда батафсил маълумот йўқ", дейди Президент маъмурияти вакили.
Эроннинг Анқарадаги элчихонаси ҳам Раисийнинг келиши истиқболлари ҳақида маълумот беришдан бош тортган ва бу мавзу бўйича ҳеч нарса дея олмаслигини билдирган.
Аввалроқ, 26 ноябрь куни Эрдўған ва Раисий телефон орқали Исроилнинг Ғазо секторига ҳужуми, фаластинликларга ёрдам ва доимий ўт очишни тўхтатиш бўйича ҳамкорликдаги қадамларни муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Раисий 28 ноябрь куни ташриф буюриши кутилаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси