Раисий Исроилнинг 2 шаҳрини вайрон қилиш билан таҳдид қилди
Олам
−
19 Апрель 2023
12464Кеча, 18 апрель куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий Исроилнинг мамлакатга қарши ҳар қандай ҳарбий ҳаракати унинг Тел-Авив ва Ҳайфа шаҳарларини вайрон қилинишига олиб келишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Al Arabia” хабар берди.
“Душманлар, хусусан, сионистик режим Эронга қарши энг кичик ҳаракати ҳам қуролли кучларимизнинг Ҳайфа ва Тел-Авивни вайрон қилиши каби кескин жавоб чораларига сабаб бўлишини тушунди”, деган Иброҳим Раисий Эронда ҳар йили бўладиган армия куни муносабати билан давлатя телевидениеси орқали жонли эфирга узатилган маросимда.
Айтиш жоизки, Эрон бир неча бор Исроилни Теҳроннинг ядровий иншоотлари ва олимларини нишонга олган ҳужумларда айблаб келади. Ўз ўрнида, Исроил ҳам Эронни ядровий қурол яратишга уринишда айблайди, бироқ Теҳрон буни рад этади. Шунингдек, Исроил Эроннинг ядровий дастурини чеклашда дипломатик саъй-ҳаракатлар муваффақиятсизликка учраса, ҳарбий чоралар кўриши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.
Хусусан, жорий йилнинг 17 апрель куни Исроил Ташқи ишлар вазири Эли Коэн Хитойни Эронга ядровий қурол ишлаб чиқаришига йўл қўймаслик учун ўз таъсиридан фойдаланишга чақирган ва Исроил Эроннинг ядровий қуролга эга давлатга айланишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўришини таъкидлаган.
Таъкидлаш жоизки, Хитой ҳам аъзо бўлган 2015 йилги ядровий келишувни жонлантириш ҳаракатлари ўтган йилдан бери тўхтаб қолган. Келишув Эроннинг ядровий дастурини қатъий, аммо вақтинча чеклаш эвазига халқаро санкциялардан озод қилишни таклиф қиларди. Келишув 2018 йилда собиқ президент Дональд Трамп даврида АҚШ ундан чиқиб кетганидан кейин бузилган.
Армия куни муносабати билан ўтказилган маросимда Раиси АҚШ аскарларини Яқин Шарқни тарк этишга ҳам чақирган.
“Армиямиз ва қуролли кучларимиз хорижий кучларга, хусусан, АҚШ кучларига мурожаати, минтақани имкон қадар тезроқ тарк этишдир, чунки хорижий кучларнинг мавжудлиги минтақа хавфсизлигига ёрдам бермайди”, деган Эрон Президенти.