Россияга жосусликда айбланган Рафиқ Сайфулин қамалди
Жамият
−
28 Май 2020
10893Рафиқ Сайфулин 12 йил озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 2020 йил 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хоинлик қилиш) 1-қисми ва 248-моддаси (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган Рафиқ Сайфулинга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди. Тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилди.
Суд судланувчи Рафиқ Сайфулинни юқорида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Маълумот учун, Рафиқ Сайфулин 1994 йилдан 1995 йилгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Статистика қўмитасида фаолият олиб борган. Кейинроқ у Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори сифатида ишлаган.