Прокуратура текширув бошлади: Қибрайдаги заҳарланиш тафсилотлари очиқланди

Жамият

image

Кеча, 1 декабрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманида 16 кишининг заҳарланиши билан боғлиқ вазият анчайин чигаллашиб кетди. Дастлаб Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти заҳарланиш ис газидан эканини маълум қилди. Департамент маълумотидан кейин, “Ҳудудгазтаъминот” ўз текшируви натижасини эълон қилиб, заҳарланиш консервадан эканини айтди.

Тергов департаменти “Ҳудудгазтаъминот” раддиясига узоқ куттирмай жавоб қайтарди. Депаратмент мазкур вазият юзасидан QALAMPIR.UZ`га батафсилроқ маълумот берди. Унда 16 киши ис газидан заҳарлангани бўйича аниқ далил борлиги айтилади.

1 декабрь куни соат 11:30 да Қибрай туман тез тиббий ёрдам хизматидан туман ИИБ Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, шу куни соат 07:40 да Қибрай тумани, Янгиобод ҚФЙ, Алишеробод МФЙдаги уйларнинг бирида яшовчи фуқаро Ғ.Бнинг оиласи ис газидан захарланганлигини ҳақида хабар келиб тушган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг маълумотномасига кўра, 1992 йилда туғилган Ў.З., 1965 йилда туғилган Д.Б., 2009 йилда туғилган И.Х., 2012 йилда туғилган Д.Х, 2012 йилда туғилган Д.М., 2014 йилда туғилган Х.М. ва Х.М.лар, яъни Г.Б.нинг жами 7 нафар оила аъзоларида “ис газидан ўткир заҳарланишнинг енгил даражаси” ташхиси ва қонларидан 9-14 фоиз даражада ис гази миқдори аниқланиб, уларга нисбатан токсикология бўлими томонидан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, фуқаро Г.Б.нинг 9 нафар оила аъзолари, яъни 1987 йилда туғилган М.Б., 1992 йилда туғилган Д.Б., 1986 йилда туғилган М.Т., 1990 йилда туғилган Д.Х., 2019 йилда туғилган И.А., 2017 йилда туғилган А.А., 2017 йилда туғилган О.П. ва 2013 йилда туғилган Р.Б.нинг қонидан 6-8 фоиз даражада ис гази миқдори аниқланган бўлса-да, ўткир захарланиш ташхиси қўйилмаган. 

Ҳолат юзасидан жароҳат олган ва вафот этганлар йўқ бўлиб, жабрланган фуқароларга тегишли тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва яшаш манзилига амбулатор даволаниш учун қайтарилган. 

Ҳодиса содир бўлган жойига тергов-тезкор гуруҳи, шунингдек фавқулодда вазиятлар, ҳудудий газ ва электр таъминоти корхоналари масъул ҳодимлари ҳамда соҳавий хизмат вакиллари чиқишган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Қибрай туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

заҳарланиш Қибрай

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг