Раҳмон Мирзиёевдан ўрнак олиб, Суриядаги фуқароларини Ватанга қайтармоқчи

Олам

image
Президент: Кеча Суриядан келган 15 яшар қиз она бўлган. Қани унинг отаси? north_east

Президент: Кеча Суриядан келган 15 яшар қиз она бўлган. Қани унинг отаси?

Имомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан ўрнак олиб, Суриядаги қочқинлар лагерида даҳшатли шароитларда истиқомат қилаётган тожик болалари ва аёлларни Ватанга қайтаришга тайёрланмоқда.

Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, яқинда тожик дипломатлари Суриянинг юқори лавозимли амалдорлари билан учрашиб, тожикистонликларнинг шахсини аниқлаш ва Ватанга қайтариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган. 

Қайд этилишича, дипломатлар Суриядаги қочқинлар лагерларида қанча тожикистонлик борлигини аниқлаштирмоқда. 

Ҳукуматнинг топшириғига кўра, Тожикистоннинг Кувайт ва Ироқдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода Дамашқда бўлиб турибди. У сўнгги кунларда Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат вакиллари билан учрашганини маълум қилган. 

Музокараларнинг асосий мавзуси қочқинлар лагерларида яшаётган Тожикистон фуқароларини Ватанга қайтаришдан иборат бўлди. Бироқ Зубайдзода ватандошларни Суриядан қайтариш билан боғлиқ режа тафсилотларини очиқ айтмаган. У фақат режани ҳаётга татбиқ этиш яқин ойларда бошланишини маълум қилган, холос. 

Жорий йилнинг май ойи бошларида Тожикистон ТИВга БМТнинг қочқинлар лагерида бўлиб турган тожикистонлик 34 нафар аёл мурожаат қилиб, Ватанга қайтишлари учун ёрдам кўрсатишларини сўраган эди. Бу аёлларнинг ҳар бирида биттадан бештагача бола бор. 

Интернетда қариндошлари орқали ҳукуматга мурожаат қилган аёллар сўнгги икки йилда ИШИД эгаллаб турган ҳудудларни озод қилган курдларга асир тушган.

Тожикистон расмийларининг маълумотига кўра, айни дамда Суриядаги қочқинлар лагерларида бир неча йил муқаддам ИШИД сафига кириб қолган жангариларнинг оила аъзолари бўлмиш камида 575 нафар хотин-қиз ва болалар бор. 

Маълумотларга кўра, тожикистонликларнинг кўпчилиги Хасакия вилоятида жойлашган “Ал-Хол” лагерида яшамоқда. 

Уларнинг тахминан 90 нафари аёллардир, 200 дан ортиқ қиз ва 240 дан кўпроқ ўғил бола бор. Болаларнинг ёши 1 дан 17 ёшгача. Улардан 134 нафари сўнгги икки йилда туғилган. 

Умумий ҳисобда “Аль-Хол” қочқинлар лагерида камида 70 минг киши, улардан тахминан 10 минг хорижлик ушлаб турилибди. Бу ҳақда 11 сентябрь куни БМТнинг Сурияга оид ҳисоботи муаллифлари маълум қилган эди.

Шу ойда оталари ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган ёки бедарак кетган, оналари эса қамоққа ташланган 84 нафар тожик боласини Ироқдан қайтарган Тожикистон расмийлари қўшни Сурияда бўлган Тожикистон фуқароларини ватанга қайтариш масаласида иш олиб борилаётганини маълум қилган эди. 

Бироқ, расмийларнинг маълум қилишича, бу тоифадаги фуқароларнинг репатриация (юртга қайтариш) қилиш талаблари ҳозирча ойдинлаштирилмаган. 

“Бир вақтлар ИШИД назоратида бўлган ҳудудлардан фуқароларни ватанга қайтариш борасидаги дастурни ҳаётга татбиқ қилиш учун икки мамлакат ўртасида маълум бир ҳужжатлар имзоланиши керак”, дея таъкидлайди Тожикистон ТИВ.

Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг махсус топшириғига биноан, жорий йилнинг май ойи охирида мутлақо маҳфиқ муҳр билан “Меҳр” операцияси ўтказилиб, “Ал-Хол” лагерида яшаб келаётган 156 нафар ўзбекистонлик аёллар ва болалар Ўзбекистонга қайтарилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Тожикистон Яқин Шарқ Ал-Хол лагери

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг