Коронавирус мухлисларни футболдан маҳрум қилди
Спорт
−
12 Март 2020
6096Коронавирус Италияда футболни тўхтатди, Европа чемпионлар лигаси ва Европа лигаси 1/8 финал босқич ўйинлари ва Ла Лига тур учрашувлари эшикларини ёпди.
Коронавирус Италия футболига кучли зарба берди. Ушбу мамлакатда кейинги 3 ҳафта ичида ҳеч қандай мусобақа бўлиб ўтмайди. Италия ҳукумати ва Италия Миллий Олимпия Қўмитаси томонидан қабул қилинган қарор сабаб, Италия футболи коронавирус қурбони бўлди.
"Сан-Сиро" стадиони
Коронавирус эпидемияси А серияда тур ўйинларини тақвимдан олиб ташлади. CoVID-19 эпидемияси клубларни жиддий молиявий йўқотиш билан хавотирга солмоқда. Чемпионат ташкилотчилари мусобақа тўхтатилишининг олдини олиш ва мусобақа тўхтатилиши оқибатида келиб чиқадиган муаммоларни қандай ҳал этиш бўйича ечим излашмоқда.
Коронавирус эпидемияси кенг тарқалгани сабаб Италия бош вазири Жузеппе Конте 3 апрелга қадар мамлакатда бўлиб ўтадиган барча спорт мусобақаларини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Давлат раҳбари ушбу баёнотни мамлакатнинг энг муҳим спорт иншоотида бўлиб ўтган йиғилишда таъкидлади. Италиядаги барча спорт федерациялари вакиллари иштирок этган ушбу йиғилишда мамлакат Миллий Олимпия қўмитаси бундай вазият Италия тарихида кузатилмаганини таъкидлаб ўтди.
Коронавирус эпидемияси сабаб спорт тадбирларининг қолдирилиши, футбол учрашувлари мухлисларсиз ўтказилиши ҳақидаги янгиликлар одатий ҳолга айланиб улгурди. Лекин, айни дамда гап коронавирус спортга кучли зарба бергани ҳақида кетмоқда. Шундай экан, Италия расмийларининг қарорини кутилмаган деб бўлмайди.
Allianz Stadium
Европада Италия коронавируснинг асосий ўчоғи бўлиб турибди. Ушбу мамлакатда деярли 9 мингга яқин инсон CОVID-19 вируси билан касалланганлар. Коронавирус сабаб 450 нафардан кўпроқ инсон вафот этган. Коронавирус Италия спортига жуда кучли тарзда ўз таъсирини кўрсатди. Сўнгги ҳафтада Италия А серияси мусобақаси тўхтатилди.
Италия ва барча чет эл оммавий ахборот воситалари Италия футболига эътиборини қаратди. Бу ерда ғалати нарсанинг ўзи йўқ. Футбол Италия учун жуда муҳим бўлган ижтимоий ва иқтисодий элементдир. Жаҳон урушидан ташқари, бошқа ҳар қандай нарса бизни футболдан воз кечишга мажбур қилиши жуда мушкул. Оддий мисол, 1973 йили Италияда вабо эпидемияси тарқалган эди. Ўшанда, 200 нафар инсон вабо туфайли вафот этганди. Лекин, футбол чемпионати тўхтатилмаганди.
Giuseppe Meazza
Энди эса Италия футбол ҳамжамиятида кескин чоралар кўриш зарурлиги тўғрисида консенсус (келишув) пайдо бўлди. Шундай қилиб, Италия Миллий Олимпия қўмитаси йиғилишига қадар Италия профессионал футболчилар ассосиацияси чемпионатни тўхтатиб туришни фаол равишда талаб қилмоқда. Фавқулодда вазиятга қарамай, ҳафта охирида чемпионатнинг 26-тур ўйинлари мухлисларсиз ўтказилди. Италияда футбол ўйнаш жуда хавфли бўлиб қолмоқда. Шу сабаб Италия А серияси расман тўхтатилди.
La Gazzetta Sportiva
КОРОНАВИРУС ХАЛҚАРО ЎЙИНЛАРГА ҲАМ ЎЗ ТАЪСИРИНИ КЎРСАТМОҚДА
Европа лигаси ва Европа чемпионлар лигаси мусобақалари ҳам мухлисларсиз ўтказилмоқда.
Халқаро мусобақалар, ички чемпионатлар тур ўйинлари коронавирус эпидемияси сабаб номаълум муддатга қолдирилиши ёки мухлисларсиз ўтказилиши тўғрисидаги хабарлар кун сайин ортиб бормоқда. Шундай бўлса, Мадриднинг “Реал” клуби бошқа клубларга қараганда энг кўп зарар кўрган клуб, деб ҳисобланиши мумкин. “Қироллик клуби” бошқа жамоалардан фарқли ўлароқ, ўз уйида мухлисларсиз иккита ўйинни ўтказишга мажбур бўлади.
Santiago Bernabeu
Франция чемпионати доирасидаги вазият ҳам худди шундай. Жорий йилнинг 15 апрелига қадар француз клубларининг барча учрашувлари ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтади. Португалия ва бошқа давлат чемпионат тур учрашувлари ҳам мухлисларсиз ўтказилади.
Европа чемпионлар лигаси ва Европа лигаси 1/8 финал босқичидан ўрин олган учрашувлар мухлисларсиз ўтказилди. “Валенсия” — “Аталанта” жамоалари ўртасидаги учрашув мухлисларсиз бўлиб ўтди. Кеча, 11 мартдан 12 мартга ўтар кечаси Парижнинг ПСЖ клуби ўз уйида Дортмунднинг “Боруссия” жамоасини қабул қилди. Ушбу баҳс ҳам мухлисларсиз ўтказилди.
Neymar da Silva Santos Junior