Ўзбекистон сўнгги 3 ойда 23 минг тоннадан ортиқ картошка импорт қилди
Жамият
−
02 Апрель 2020
5448Ўзбекистон Республикасига импорт тарзида олиб келинаётган товарларга ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг кириб келишига карантин билан боғлиқ чекловлар таъсир этмайди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов маълум қилди.
“Ўрнатилган чекловлар ташқи савдо юкларига тааллуқли эмас”, деди бошқарма бошлиғи.
Унинг сўзларига кўра, январь-март ойларида республикага автотранспорт орқали 698,2 минг тонна товар, темир йўл орқали эса 4 миллион 875,0 минг тонна товар олиб келинган.
“Озиқ-овқат маҳсулотлари республикамизга куну-тун тўхтовсиз кириб келмоқда. Бу борада фуқароларимизнинг асло хавотирга тушишларига ўрин йўқ”, дейди Фарҳод Олимжонов.
Олиб кирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисмини картошка (23,03 минг тонна), ун, (12,54 минг тонна), ўсимлик ёғи (11,5 минг тонна), шакар (26,6 минг тонна), гўшт (1,8 минг тонна), қандолат маҳсулотлари (1,7 минг тонна) ва гуруч (1,3 минг тонна) ташкил этмоқда.
Таъкидланишича, жорий йил 16-31 март кунлари товарларнинг ташқи савдо ҳажми — 943,3 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.