“Qanotchi”нинг шохи борми ёхуд Тошкентдаги рестораторлар тенгсизликдан норози
Жамият
−
10 Май 2020
24412Пойтахт Тошкентда карантин чекловлари амал қилиб турган вақтда кўпчиликка таниш бўлган “Qanotchi” ресторани очилиб, меҳмонларни қабул қила бошлади. Бу ҳақда рестораннинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган.
“Қадрли дўстлар, “Qanotchi” ресторани очилишини мамнуният билан эълон қиламиз. 10 майдан азиз меҳмонларимиз учун биз яна эшикларимизни очамиз! Танаффусдан сўнг сизларни меҳмондўст масканимизда кўришни сабрсизлик билан кутмоқдамиз!”, дейилади ресторан маъмуриятининг хабарида.
Қайд этилишича, карантинга қарамай очилган ресторан биноси тўлиқ дезинфекция қилинган ва кун давомида мунтазам санитар тозалаш ишлари олиб борилади.
“Бундай қоидалар ходимларимизга нисбатан ҳам қўлланилади. Бизнинг фаолиятимиз барча санитар-эпидемиология қоидалари асосида ташкил этилган”, дейилади қўшимча равишда.
Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси одамлар тўпланадиган кафе, бар, ресторан ва бошқа умумий овқатланиш муассасаларининг фаолиятини тақиқлаган. Уларга фақатгина етказиб беришга рухсат берилганди.
Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ шаҳар ва туманларда уларнинг “қизил, “сариқ” ва “яшил” тоифага киришига қараб карантин чекловларини юмшатиш белгиланганди. Бироқ шу билан бирга, ҳар қайси тоифа учун бирдек сақланиб қоладиган чекловлар ҳам маълум қилинганди. Унда кўнгилочар объектлар – тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик аниқ ва тиниқ қилиб белгилаб қўйилганди.
Мавжуд ҳужжатларга кўра, “Qanotchi” ресторани Абдураҳмон Позилжоновга тегишли. Шунга қарамай, унинг ҳақиқий эгаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев экани ҳам айтиб келинади. Пойтахт ҳокими оиласи билан кўп бора ресторанда меҳмон бўлган.
Шу ўринда айтиш жоизки, бизнинг ОАВ ўлароқ “Qanotchi”нинг очилганига эътирозимиз йўқ. Агар Республика махсус комиссиясининг қарори ҳаммага бирдек бўлмаса ёинки санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя қилган ҳолда кафе ва ресторанларни очиш мумкин бўлса, бу ҳақда нега комиссия қарорида айтилмаган?
Қолаверса, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова билан боғлиқ вазият кун тартибига кўтарилиб, қонун барча учун баробар эмасми деган масала жамоатчиликни ўйлантириб турганда, “Qanotchi”нинг очилиши, унинг асл хўжайини борасидаги мишмишларга қўшилиб, рестораторлар орасида норозилик келтириб чиқармоқда. Ҳўш, “Qanotchi”нинг шохи борми?