QALAMPIR.UZ журналисти “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан мукофотланди

Жамият

image

QALAMPIR.UZ интернет нашри бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 25 йиллиги, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллиги ҳамда Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишлаган конференция доирасида инсон ҳуқуқи фаолларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ишлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйча нодавлат ташкилотдаги фаолияти, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари тарғиботи, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва илмий тадқиқотлари, экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ фаоллар ҳам тақдирланди.

 Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ишлари учун 

•  Муродулла Нормурадов – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) Қашқадарё вилояти Минтақавий вакили;

•  Дилмурод Касимов – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил;

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлар фаолияти учун

•  Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси;
•  Зебинисо Муҳамедова – Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи; 

Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун 

•  Инқилоб Юсупова – Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси раиси;
•  Рената Винтер – БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси (2013-2020 йиллар);

Инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш фаолияти учун 

•  Ферузахон Нажмиддинова – “Qalampir.uz” интернет-нашри журналисти;
•  Фарҳод Норматов – “Адолат кўзгуси” газетаси бош муҳаррири; 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва илмий тадқиқотлари учун 

•  Михаил Федотов – “Олий иқтисодиёт мактаби” миллий тадқиқот университети юридик факультети профессори (Россия), Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг собиқ раиси;
•  Зиёдулла Муқимов – Самарқанд давлат университети юридик факультети профессори, юридик фанлар доктори;

Экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун 

•  “Ekomaktab” экологик-ресурс маркази;
•  Наргис Косимова –
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети медиа ва коммуникация факультети доценти, экожурналист;

Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 

•  Томас Кунце – Koнрaд Аденауэр номидаги жамғарманинг Россия бўйича минтақавий ваколатхонаси вакили;
•  Элизабет Кларк – АҚШнинг Бригама Янга университети Ҳуқуқ ва динни ўрганиш халқаро маркази директорининг ўринбосари.

Кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони асосида таъсис этилган.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони ҳар йили 10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори томонидан тантанали равишда ўз эгаларига топширилади.

Илк топширилаётган ушбу кўкрак нишони соҳиб ва соҳибалари орасида QALAMPIR.UZ бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинованинг ҳам борлиги Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги мустаҳкамланиб бораётгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида меҳнат қилаётган журналистларнинг саъй-ҳаракатлари нфақат тазйиқларга учраши, вақти-вақти билан мукофотланиб турилишини ҳам кўрсатади. 

Маълумот ўрнида, Феруза Муродулла қизи Нажмиддинова 1992 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий. 2011-2015 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти бакалавриатини, 2015-2017 йилларда магистратурани тамомлаган. 

Нажмиддинова 2019 йилнинг март ойидан буён QALAMPIR.UZ интернет нашри мухбири ўлароқ фаолият бошлади. Айни вақтда нашр Бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, болалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аёлларга қарши зўравонликка қарши кураш, гендер тенглигини таъминлаш каби масалалар Феруза Нажмиддинова тайёрлаган мақола, лавҳа, интервью ва репортажларнинг бош мавзуси бўлиб келмоқда. 

Феруза Нажмиддинова бугунгача жамоатчилик учун муҳим мавзуларда 500 га яқин ижодий ишлар – мақола, репортаж, лавҳа ва интервьюларни тақдим этган. Уларнинг ҳар бири ўқувчилар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.

Шунингдек, Нажмиддинова қарийб 30 йил давомида мустамлакада бўлиб келган Тоғли Қорабоғнинг миналанган ҳудудларига кириб борган биринчи ўзбек журналисти саналади. Унинг жорий йил май ойида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муаммоли ҳудуд бўлган Қорабоғдан тайёрлаган журналистик материаллари ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. 

Унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси – Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси раиси Танзила Норбаева, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаева, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ вакили Улуғбек Муҳаммадиев ўтказган суҳбатлари долзарблиги билан алоҳида аҳамиятга эга.

Феруза Нажмиддинова 2021 йил Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг “Йилнинг энг фаол журналисти” танловида ғолиб бўлган. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги эсдалик нишони билан тақдирланган.


Мақола муаллифи

Теглар

журналист Инсон ҳуқуқи ўз ва матбуот эркинлиги

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг