Путиннинг одами ҳусийлар билан учрашди
Олам
−
27 Январь
8963Россия Федерацияси Президентининг Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари бўйича махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов Муҳаммад Абдулсалом бошчилигидаги Ямандаги ҳусийлар ҳаракати делегацияси билан учрашди. Бу ҳақда Россия ТИВ маълум қилди.
Билдирилишича, учрашув 25 январь куни бўлиб ўтган. Суҳбат чоғида Яманда қарийб тўққиз йилдан буён давом этаётган ҳарбий-сиёсий инқирозни ҳар томонлама ҳал этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган. Шу билан бирга, БМТ шафелигида кенг кўламли Яманлараро миллий мулоқотни йўлга қўйиш учун зарур шарт-шароитларни тезкорлик билан яратиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар муҳимлиги таъкидланган.
Шунингдек, Фаластин-Исроил можароси зонасида фожиали воқеалар ривожига, шу муносабат билан Қизил денгиздаги вазиятнинг кескинлашувига алоҳида эътибор қаратилган.
“Шу доирада АҚШ ва Буюк Британиянинг Яманга уюштирган ва минтақавий миқёсда вазиятни беқарорлаштиришга қодир бўлган ракета ва бомбали ҳужумлари кескин қораланди”, дейилади ТИВ баёнотида.
Қайд этиш жоизки, Ғазо секторида можаро авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштириш ва уруш тугагунга қадар улар билан боғлиқ кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига йўл қўймасликларини айтган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳусийлар ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан бери Қизил денгиз ва Адан кўрфазида 30 дан ортиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.
Бунга жавобан АҚШ, Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшель ороллари ва Франция каби давлатлар ҳусийларга қарши Prosperity Guardian операциясини эълон қилди. АҚШ ва Буюк Британия икки марта қўшма операция ўтказиб, Яман ҳудудидаги нишонларга зарба берди. Бундан ташқари АҚШ бир неча бор ҳусийларга ҳужум қилди.
12 январь куни АҚШ ва Буюк Британия Яман ҳудудига биринчи марта зарба берганидан сўнг, Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказишни талаб қилди. Бироқ йиғилишда ҳусийларга зарбалар бериш қонуний эканлиги таъкидланди. Ўшанда Россия ва Хитой Вашингтон ва Лондонни минтақадаги кескинликни кучайтирганликда айблаганди. Шунга қарамасдан Хавфсизлик БМТ Кенгаши АҚШ ва унинг иттифоқчиларига Яманга қилинган ҳужумлар учун санкция бермади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мусо Абу Марзук бошчилигидаги ҲАМАС делегацияси ҳам Москвада Михаил Богданов билан учрашганди.
LiveБарчаси
04 Ноябрь