ҲАМАС делегацияси Москвага борди
Олам
−
19 Январь
10917ҲАМАСнинг Халқаро алоқалар бюроси раҳбари Мусо Абу Марзук бошчилигидаги делегацияси Москвада Россия Президентининг Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари бўйича махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов билан учрашди. Бу ҳақда ҳаракат томонидан эълон қилинган баёнотда маълум қилинди.
“Сиёсий маслаҳатлашувлар чоғида фаластинликлар қирғинига чек қўйиш учун Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш йўллари муҳокама қилинди. ҲАМАС ҳаракатининг қаршилик бўлинмалари томонидан ушлаб турилган маҳбуслар билан боғлиқ досье бўйича позициясига аниқлик киритилди”, дейилади матнда.
Қайд этилишича, ҲАМАС делегацияси Россиянинг дипломатик саъй-ҳаракатларини, шунингдек, Ғазо секторидаги Фаластин халқига кўрсатилаётган расмий ва оммабоп гуманитар ёрдамни юқори баҳолаган.
Шунингдек, делегация “босқинчи ҳукуматнинг фаластинликларга қарши жиноий ҳаракатлари халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётганини” ҳам таъкидлаган.
“Ҳаракат вакиллари Фаластин халқининг озодлиги ва ўз уйларига қайтиш ҳуқуқини, шунингдек, ноқонуний ишғолга барча мавжуд воситалар билан қаршилик кўрсатиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлади”, дейилади баёнотда.
Россия ТИВ томонидан эълон қилинган маълумотда эса Богданов Мусо Абу Марзук билан учрашувда ҲАМАС томонидан асирга олинган тинч аҳоли, жумладан, уч нафар Россия фуқаросини тезроқ озод қилиш зарурлигини сўрагани қайд этилган.
“Россия томони 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумлар чоғида асирга олинган ва Фаластин фракциялари томонидан ушлаб турилган тинч аҳоли вакилларини, жумладан, уч нафар Россия фуқароси – Андрей Козлов, Александр Лобанов ва Александр Труфановларни тезроқ озод қилиш зарурлигини таъкидлади”, дейилади ТИВ хабарида.
Россия томони суҳбат чоғида асосий эътиборини можаро ҳудудида давом этаётган қарама-қаршилик ва оқибатда Ғазодаги гуманитар инқироз ҳалокатли даражага келиб қолганига қаратганини қўшимча қилган.