Путинга қарши қадам: Молдова МДҲдан чиқишни бошлади
Олам
−
20 Январь 12828 2 дақиқа
Молдова МДҲ билан ташкилот таркибидан чиқишга имкон берадиган асосий келишувларни денонсация қилиш тартибини бошлади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, республика ташқи ишлар вазири Михай Попшой “Радио Молдова” эфирида маълум қилди.
“Молдова Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзолиги учун асос бўлган учта асосий келишув– МДҲ Низоми, МДҲни тузиш тўғрисидаги битим ва тегишли иловани денонсация қилиш тартибини бошлади. Улар расман бекор қилингандан сўнг мамлакатимиз МДҲга аъзо бўлишни қонуний равишда тўхтатади, гарчи де-факто ташкилотдаги иштироки бундан олдинроқ тўхтатилган бўлса ҳам, бу ҳужжатлар якуний тасдиқлаш учун парламентга юборилади”, дейди Бош вазир ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг февраль ойининг ўрталарига қадар ҳукуматда денонсация жараёнлари якунланади. Шундан сўнг парламент қарор қабул қилади, у Президент тасдиғига киритилади.
Молдованинг МДҲга муносабати 2020 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Майя Сандунинг ғалабасидан сўнг ўзгара бошлади, у Европа Иттифоқига қўшилиш йўлини эълон қилди ва Ҳамдўстлик саммитларида иштирок этишдан бош тортди. 2023 йил февраль ойида республика ҳукумати МДҲ доирасида тузилган 282 та битимдан 120 дан ортиғини денонсация қилиш режаларини эълон қилди. Шу билан бирга, Попшойнинг аниқлик киритишича, Кишинёв Ҳамдўстлик доирасидаги мамлакат учун муҳим ва фойдали келишувларни бекор қилиш ниятида эмас.
Молдова Республикасининг собиқ президенти, мухолифатдаги Социалистлар партияси раҳбари Игор Додон парламентдаги кўпчиликнинг бу қарорларини танқид қилиб, Санду олиб бораётган Россия ва МДҲ давлатларидан ажралиш йўли Молдова халқи манфаатларига зид эканлигини маълум қилди. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Кишинёвнинг сиёсатини икки томонлама деб атаб, Молдова расмийлари Ҳамдўстликда иштирок этишнинг ижтимоий-иқтисодий афзалликларидан воз кечишга шошилмаётганини, шу билан бирга, ташкилотдан чиқишга интилаётганини билдирди.
Live
Барчаси