Путин “Йил одами” бўлиши мумкин
Олам
−
05 Декабрь 2023
7834Американинг "Time" журнали талқинига кўра Россия Президенти Владимир Путин "Йил одами" га айланиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Нашр ҳар йили ўтган 12 ой ичида дунёга энг катта таъсир кўрсатган шахс, гуруҳ ёки концепцияни танлайди. Кеча, 4 декабрь куни журнал ушбу мақомга сазовор бўлиши мумкин бўлган 9 нафар номзодни эълон қилди, уларнинг орасида Россия етакчиси ҳам бор. Ғолиб номи 6 декабрь, чоршанба куни маълум бўлади.
"Time" журналига кўра, 1999 йилдан бери Россияда ҳокимиятни қўлдан бой бермай келаётган Путин иккинчи йилдирки Украинада уруш олиб боришдан "чарчамаяпти". Кутилмаган кўнгилхираликлар, жумладан, 2023 йилда "Вагнер" қўзғолони пайтида ҳам ўзининг "жонкуяр элчиси" Беларусь фуқароси Лукашенко воситачилигида келишувга эришди. Шу билан бирга "Вагнер" раҳбари Евгений Пригожинни ҳам "нозик ҳаракатлар билан ўйиндан четлаштирди".
Шунингдек, "2023 йилнинг одами" номинацияси учун қолган номзодлар рўйхати қуйидагича кўриниш олган:
- "Голливуд исёнкорлари" – йил бўйи иш ташлаган Голливуд ёзувчилари ва актёрлари. Уларнинг норозиликлари ортидан шоу ва фильмларни ишлаб чиқариш тўхтаб қолди;
- Си Цзиньпин – Хитой раҳбари 2023 йилда учинчи муддатига сайланди ва Хитойнинг энг қудратли замонавий етакчиси бўлиб олди;
- Тейлор Свифт – "Грэмми" мукофоти соҳибаси ўз альбомларини қайта чиқариб, рекорд даражада даромад олди. Шунингдек, тарихдаги энг муваффақиятли фильм-концертни тақдим қилди;
- Сэм Альтман – инқилобий сунъий интеллект ChatGPT асосчиси бўлган OpenAI компанияси бош директори лавозимидан кетгач, жамоасининг шов-шувли норзиликларидан сўнг яна ўз ўрнига қайтди;
- Трампга қарши прокурорлар – Дональд Трамп АҚШ тарихида айблов эълон қилинган биринчи президент бўлди. У 90 дан ортиқ айбловларни ўз ичига олган тўртта алоҳида жиноят иши бўйича судланмоқда;
- "Barbie" – Режиссёр Грета Гервиг томонидан суратга олинган фильм 1,4 миллиард доллар даромад келтирди ва йилнинг энг кассабоп фильми бўлди;
- Қирол Чарльз III – ўнлаб йиллар давомидаги кутишдан кейин Буюк Британия ва бошқа ҳудудларнинг асосий монархи тахтига ўтирди;
- Жером Пауэлл - 2018 йил феврал ойидан бери Федерал захира тизими раиси, фоиз ставкаларини ошириш орқали Қўшма Штатларда юқори инфляцияни жиловлай олди.
Маълумот ўрнида, 1927 йилдан бери Американинг "Time" журнали яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар йил давомида воқеалар марказида бўлган шахслар, концепциялар ёки гуруҳларни номзодлар рўйхатига киритади. Турли йилларда рўйхатдан АҚШ Президенти Жо Байден, вице-президент Камала Харрис, кенжа Мартин Лютер Кинг, Германия канцлери Ангела Меркел, Рим папаси Франциск ва экология фаоли Грета Тунберг жой олган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда нашр Украина Президенти Владимир Зеленский ва "Украина руҳи"ни "Йил одами" деб топганди.
LiveБарчаси