Зеленский ва Украина халқи “Йил одами” бўлди

Олам

image

Американинг “Time” журнали Украина Президенти Владимир Зеленский ва Украина халқи (Украина матонатини) “Йил одами” деб топди. Бу ҳақда нашр сайтида айтилган. 

Журнал муқоваси марказида эса Президент Владимир Зеленский ва ватан ҳимоясига отланган оддий украиналикларни кўриш мумкин. 

“Жасорат қўрқув каби юқумли бўлиши мумкинлигини исботлаш учун; озодликни ҳимоя қилиш учун халқ ва халқларни бирлаштира олиш қобилияти учун; Дунёга демократия ва тинчликнинг мўртлигини эслатгани учун Владимир Зеленский ва Украина матонати “Йил одами” деб топилди”, дейилади журналда. 

Қайд этилишича, Зеленскийнинг уруш даврида раҳбар сифатидаги жасорати муваффақиятли “юқумли”лик касб этган. Президентдаги жасорат босқиннинг дастлабки кунларида, ҳамма Зеленский мамлакатни тарк этмай, уруш майдонида қолаётганини англаб етган пайтда, Украинадаги бошқа раҳбарларга ҳам кўчган. 

“Агар инқирозга учраган раҳбар учун бу табиий бўлиб туюлса, тарихдаги бошқа ўхшаш воқеаларни эсланг. Олти ой олдин, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Зеленскийдан анча тажрибали раҳбар, “Толибон” кучлари яқинлашиб келаётган пайтда пойтахтни тарк этган эди. 2014 йилда Зеленскийнинг ўтмишдошларидан бири Виктор Янукович унинг қароргоҳини намойишчилар ўраб олганда Киевдан қочиб кетган; у ҳали ҳам Россияда яшайди. Иккинчи жаҳон уруши бошланишида Албания, Бельгия, Чехословакия, Греция, Польша, Нидерландия, Норвегия, Югославия ва бошқа давлатлар раҳбарлари Германия ҳужумидан қочиб, урушни сургунда ўтказди”, деб ёзган “Time”.

2021 йилда Илон Маск “Time” журнали талқинига кўра йил одами бўлди. Журнал 1927 йилдан бери ҳар йили “Йил одами”ни танлаб келади – бу шарафга биринчи бўлиб тарихда илк бор Атлантика океани бўйлаб якка ўзи учган америкалик учувчи Чарльз Линдберг сазовор бўлган. 

Йил одами номига 70 мартадан ортиқ сиёсат ва жамоат арбоби лойиқ кўрилди. Улар орасида Маҳатма Ганди (1930), Уинстон Черчилль (1940, 1949), Елизавета II (1952), Шарль де Голль (1958), Мартин Лютер Кинг (1963), Генри Киссинжер (1972), Дэн Сяопин (1978, 1985), Оятуллоҳ Хоманаий (1979), Лех Валенса (1981), Рим папалари Иоанн Павел II (1994) ва Франциск (2013), Ангела Меркель (2015) бор.  

Эслатиб ўтамиз, 5 декабрь Владимир Зеленский Британиянинг “Financial Times” нашри талқинига кўра “Йил одами” деб топилган эди. Нашрнинг таъкидлашича, кўплаб украиналиклар Россия ҳарбий махсус операцияси бошланишидан олдин Зеленскийни юқори лавозим масъулиятини уддалай олмайдиган ҳаваскор деб ҳисоблаб, уни ҳисобдан чиқарган. Аммо 44 ёшли сиёсатчи етакчилик ва чидамлиликнинг ажойиб намойиши билан тарихда ўз ўрнини эгаллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made