Путин ва Трампнинг эҳтимолий учрашув санаси айтилди
Олам
−
16 Февраль 13157 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин ва Оқ уй раҳбари Дональд Трамп ўртасида Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокаралар олиб бориш мақсадида бўлиши мумкин бўлган учрашув жорий йил 28 февралгача ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
АҚШ ва Россия расмийлари келаси ҳафта Саудия Арабистонида учрашиб, етакчилар ўртасида бўлиши мумкин бўлган саммитга тайёргарлик кўради. Санани Рамазон ойи бошланишидан олдин – 28 февралгача белгилаш режалаштирилган.
Мақолада қайд этилишича, Вашингтон томонидан музокараларда миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Майкл Уолтц ва махсус элчи Стив Уиткофф иштирок этиши мумкин. Бироқ Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлоггнинг борлиги ҳозирча маълум эмас.
Материалдан кўриниб турибдики, Европа вакилларининг аксарияти бўлажак учрашув ҳақида ҳали хабардор қилинмаган. Тахминларга кўра, Украина расмийлари ҳам Россия ва АҚШ вакиллари ўртасидаги учрашувга тайёргарликдан тўлиқ хабардор эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтгани хабар қилинганди. Суҳбат бир ярим соат давом этган. Асосан Украина можаросини тартибга солишнинг мумкин бўлган вариантлари муҳокама қилинган. Трампнинг сўзларига кўра, суҳбат якунида Президентлар “ўзаро ташрифларни ҳам ўз ичига олган ҳолда жуда яқин ҳамкорлик қилиш” борасида келишиб олган. Владимир Путин америкалик ҳамкасбини Москвага таклиф қилган, Трамп эса россиялик президентни АҚШга чорлаган. 12 февраль куни Трамп Путин билан Саудия Арабистонида учрашув ўтказмоқчи эканини маълум қилди. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги эса Россия-Украина ўртасидаги урушни тугатиш бўйича тинчлик музокараларига мезбонлик қилишга розилигини билдирди.