Путин ва Пезешкиён Суриядаги кескинликни муҳокама қилди
Олам
−
02 Декабрь
1664Эрон томони ташаббуси билан Россия Президенти Владимир Путин ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Унда икки Президент Суриядаги кескинликни муҳокама қилди. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот хизмати хабар берди.
“Суҳбат давомида асосий эътибор Сурия Араб Республикасидаги кескинлашган вазиятга қаратилди. Террорчи гуруҳлар ва жиноий тузилмаларнинг кенг кўламли ҳужумлари Сурия давлатининг суверенитети, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига путур етказишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, томонлар Сурия қонуний ҳукумати томонидан конституциявий тартибни тиклаш ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлашга қаратилган ҳаракатларни мутлақ қўллаб-қувватлашини билдирган. Бундан ташқари, Президентлар Туркия иштирокидаги “Остона формати” (Суриядаги муаммолар бўйича музокаралар жараёни) доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришнинг муҳимлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, ўтган ҳафтада ҳукуматга қарши қуролли гуруҳлар Суриянинг Идлиб ва Ҳалаб провинцияларида ҳужумлар бошлаганди. Террорчилар бир қатор аҳоли пунктларини тезда назоратга олишга эришган. Хусусан, улар Ҳалаб шаҳрининг муҳим қисмини, жумладан, марказий туманларни назорат қилаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, шаҳар аэропорти ҳам ёпилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи россиялик мавқедоши Сергей Лавров билан телефон орқали суҳбатлашиб, Суриядаги вазиятни муҳокама қилган эди. Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан Сурия ва Ғазо секторидаги кескинлик бўйича телефон орқали суҳбат қилганди.