Путин ва Эрдўғаннинг музокаралари якунланди
Олам
−
04 Сентябрь 2023
11900Сочида Россия ва Туркия Президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасидаги музокаралар кенгайтирилган таркибда якунланди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Айтилишича, делегациялар доирасидаги музокаралар тахминан бир ярим соат давом этган, уларда икки мамлакат ҳукуматларининг асосий вазирлари ҳам қатнашган. Делегацияларнинг учрашувидан сўнг Путин ва Эрдўған тор доирадаги музокараларни ишчи тушлик чоғида давом эттирган.
Россия Президенти музокаралар бошланишидан олдин Эрдўған билан маслаҳатлашувларининг мавзуларидан бири Туркияда газ ҳабини яратиш бўлишини айтган. Путин, шунингдек, дон битими билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишга тайёр эканини таъкидлаган.
Эрдўған эса Россия Федерацияси билан Қора денгиз ғалла ташаббуси масаласида олиб бориладиган музокаралар дунё ва Африка давлатлари учун аҳамиятли бўлишини айтган. Бундан ташқари, у Россия ва Туркия йилига 100 миллиард долларлик товар айирбошлаш сари интилаётганига ишора қилиб, Москва ва Анқара “муносабатларда мутлақо бошқа даврни” бошдан кечираётганини таъкидлаган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса Путин ва Эрдўғаннинг Сочидаги кенгайтирилган музокаралари жуда конструктив ўтганини айтган. Шунингдек, у учрашув якунлари бўйича ҳеч қандай ҳужжат имзолаш режалаштирилмаганини қўшимча қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг июлида Москва дон битимидан чиққанидан кейин Эрдўған Путин билан учрашишни режалаштирган эди. Анқара Путиннинг ташрифини август ойида кутган эди, бироқ кейинроқ Туркия ОАВларида Эрдўғаннинг ўзи Россияга бориши хабар қилинди. Август ойи охирида Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Хоқон Фидан тайёргарлик музокараларини ўтказди – Туркия ТИВ раҳбари дон битими учун янги шартларни таклиф қилди, Лавров эса “аниқ натижаларга эга бўлган кафолатлар” зарурлигини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь