Путин Эрдўған билан учрашди (видео)

Олам

image

Бугун, 19 июль куни “Остона жараёни” саммитида иштирок этиш учун Эрон пойтахти Теҳронга борган Россия Президенти Владимир Путин Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған билан икки томонлама учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.

Россия-Украина уруши бошланганидан бери илк юзма-юз учрашув Теҳрон халқаро анжуманлар залида бўлиб ўтган. Яккама-якка учрашув олдидан икки етакчи қўл бериб кўришган ва матбуот вакилларига қисқа нутқ сўзлаган.

Ўз нутқини миннатдорлик билан бошлаган Эрдўған, Россия билан дипломатияни телефон орқали давом эттирганини эслаган.

“Россия делегациясининг охирги Истанбул учрашувларига ёндашуви жуда ижобий бўлди. Ижобий таъсир кўрсатади деган уимддаман. Шахсан мен делегациям номидан сизга миннатдорлик билдираман. Учрашувларимиз самарали бўлишига умид қиламан”, дея таъкидладган Эрдўған.

Икки давлат етакчилари Украина ғалласини экспорт қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтган. Россия етакчисининг сўзларига кўра, Қора денгиз портларидан Украина ғалласини экспорт қилиш билан боғлиқ барча масалалар ҳали ҳал этилмаган, бироқ ҳаракат борлиги яхши.  

Путин Эрдўғанга Қора денгиз орқали ғалла экспорти муаммолари бўйича ўтказилган музокараларда турк платформасини тақдим этишдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирган. 

“Сизнинг воситачилигингиз билан биз олдинга қадам ташладик. Тўғри, ҳали ҳамма масалалар ҳал этилмаган, лекин аллақачон ҳаракат бошлангани яхши”, дейди Путин.

Маълумот учун, Президент Эрдўған ва Путин охирги марта 2021 йил 29 сентябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида юзма-юз учрашган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Эрдўған

Баҳолаганлар

682

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг