Путин уруш бошидан буён илк бор полигонда бўлиб, снайпердан отиб кўрди
Олам
−
21 Октябрь 2022
11132Россия Президенти Владимир Путин кеча, 20 октябрь куни Рязан вилоятидаги Ғарбий ҳарбий округ полигонида сафарбар этилган ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлигини кўздан кечирди. Олий бош қўмондоннинг Сергей Шойгу ҳамроҳлигида ўқув марказига ташрифи акс этган кадрлар Россия Мудофаа вазирлигининг “Звезда” телеканали томонидан тарқатилди.
Маълумотларга кўра, Путинга ҳарбий хизматчиларнинг жиҳозлари кўрсатилган, шунингдек, “взвод таркибида ҳаво-десант ҳужуми зонасини енгиб ўтиш, яқин жангларда шартли душманнинг зирҳли техникаларига қарши курашиш машқлари” кўрсатилган.
Отиш мажмуасида Президентнинг ўзи снайпер милтиғидан нишонга бир неча марта ўқ узган. Бундан ташқари, Президент сафарбар этилганлар билан суҳбатлашган.
Президент сафарбарлик кампанияси доирасида ҳарбийлардан шикоятлар ёки муаммолар ҳақида билишга ҳаракат қилган. Улар салбий жавоб беришган. “Звезда” нашрининг ёзишича, суҳбат якунида Путин розилик белгиси сифатида столга муштини урган.
Маълумот учун, 21 сентябрь куни Россия Федерацияси Президенти мамлакатда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, 300 минг киши, биринчи навбатда, жанговар тажрибага эга ва қўшинлар учун зарур бўлган ҳарбий ихтисослиги бўйича резервга чақирилади. Октябрь ойининг бошидаги ҳолатга кўра сафарбарлик доирасида 200 мингдан ортиқ киши армияга чақирилган.
14 октябрь куни Владимир Путин армияга 222 минг киши жалб қилингани, улардан 33 минги бўлинмаларда, 16 минг нафари эса жанговар топшириқларни бажараётганини маълум қилди. У сафарбарлик тадбирларини икки ҳафта ичида якунлашга ваъда берди.