Путин Украинага босқинни тўхтатиш бўйича таҳдидли шартини айтди

Олам

image

Украина қўшинлари Донецк ва Луганск халқ республикалари (тан олинмаган – таҳр.), Запорожье ва Херсон вилоятларининг бутун ҳудудидан олиб чиқилиши керак – шунда Россия музокараларга тайёр бўлади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 14 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда айтиб ўтди. 

“Украина қўшинлари Донецк, Луганск халқ республикалари, Херсон ва Запорожье вилоятларидан, айнан ушбу вилоятларнинг Украинага кириш вақтида мавжуд бўлган маъмурий чегаралари доирасидаги бутун ҳудудидан, тўлиқ олиб чиқилиши  керак. Киев бундай қарорга тайёр эканлигини эълон қилиши ва қўшинларни ушбу ҳудудлардан ҳақиқий олиб чиқишни бошлаши, шунингдек, НАТОга қўшилиш режаларидан воз кечгани ҳақида расман маълум қилиши билан биз томонимиздан дарҳол, худди шу дақиқада ўт очишни тўхтатиш ва музокараларни бошлаш тўғрисида буйруқ берилади”, дейди давлат раҳбари. 

Путин Украина шундай қарорга келса, ваъда берганидек, ўт очишни зудлик билан тўхтатишини такрор айтди. 

Президент музокараларни бошлаш учун Россия томонининг шартлари “оддий” эканини таъкидлаб, Москва доимо тинчликка интилганини тушунтирди.

Унинг билдиришича, Россия, шунингдек, агар Киев шундай қарор қабул қилса, Украина бўлинмалари Донбасс ва Новороссиядан тўсиқларсиз ва хавфсиз олиб чиқилишини кафолатлайди. 

“Табиийки, айни пайтда биз Украина бўлинмалари ва қўшинларининг тўсиқсиз ва хавфсиз олиб чиқиб кетилишини кафолатлаймиз. Биз, албатта, бундай қарор – ҳам қўшинларни олиб чиқиш, ҳам блокка кирмаслик, ҳам Россия билан мулоқотни бошлаш тўғрисида (Украинанинг келажакдаги мавжудлиги шунга боғлиқ) – Киевда мустақил равишда қабул қилинишини кутмоқчимиз”, дейди Путин. 

Унинг фикрича, Украина расмийлари қарор қабул қилишда ҳукмрон воқеликка таянган ҳолда, Ғарб буйруғи билан эмас, Украина халқининг ҳақиқий миллий манфаатларидан келиб чиқиши керак.  

“Лекин, бундай бўлишига нисбатан катта шубҳалар бор”, дейди Путин Киев ўз ихтиёри билан қарор қабул қилишига шубҳа билдириб.

Унинг огоҳлантиришича, Киев ва Ғарбнинг Россиянинг янги тинчлик таклифидан воз кечиши таклиф қилинган шартларнинг ўзгаришига олиб келади, чунки Киев учун жанг майдонидаги вазият ёмонлашади.  

“Агар Киев ва Ғарб пойтахтларида ҳам аввалгидек рад этсалар, охир-оқибат, бу уларнинг бизнеси, қон тўкилишининг давом этиши учун сиёсий ва маънавий жавобгарлигидир. Шубҳасиз, ҳудуддаги,  жанговар алоқа чизиғидаги воқеликлар Киев режими фойдасига ўзгармасликда давом этади ва музокараларни бошлаш шартлари бошқача бўлади”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилишда Путин Донбасс, Херсон ва Запорожье вилоятлари аҳолисининг Россия билан бирга бўлиш иродаси бузилмас ва бу масала абадий ёпиқлигини айтганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг