Путин Туркияга боришини айтди – Песков 

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг учрашув санаси дипломатик каналлар орқали келишиб олинмоқда. Бу ҳақда Кремль воизи Дмитрий Песков маълум қилди.

“Путин ва Эрдўған ўртасида доимо мулоқотга эҳтиёж бор ва сиз улар учрашишга келишиб олганини биласиз. Путиннинг ўзи эса “Мен Туркияга бораман”, деган. Биз фақат вақтни белгилаймиз, холос. Сана эса ҳали танланмади. У дипломатик каналлар орқали келишиб олинади ва эртами-кечми бу мулоқот амалга ошади”, деган Кремль вакили.

Песков бундай алоқалар, биринчи навбатда, Россия ва Туркия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар нуқтайи назаридан муҳим эканини қайд этди.

"Агар керак бўлса, улар жуда тез қўнғироқлашишлари мумкин. Бундай режалар том маънода соатлар ичида амалга оширилади", дея хулоса қилади Песков.

Маълумот учун, Эрдўған ва Путин охирги марта ўтган йилнинг сентябрь ойида Сочида учрашган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрдўған маъмурияти икки давлат раҳбари ўртасида учрашув бўлиб ўтиши кутилётганини маълум қилганди. Таҳлилчиларнинг фикрича, етакчилар Яқин Шарқ, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можаро, Қора денгиз бўғозлари билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг