Путин, Трамп ва Си Цзиньпин ўртасида келишмовчилик чиқди – FT

Олам

−

image

Россия, АҚШ ва Хитой етакчилари Владимир Путин, Дональд Трамп ва Си Цзиньпиннинг уч томонлама учрашуви олдиндан белгиланган кун тартибисиз ўтади. Улар бу борада келиша олмади. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбага таяниб, “Financial Times” хабар берди.

Давлат раҳбарлари жорий йилнинг 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида ўтказиладиган саммит доирасида учрашиши керак. Нашрнинг қайд этишича, бу одатда хорижий раҳбарлар билан суҳбатларнинг пухта ёзилган сценарийсини талаб қиладиган Хитой етакчиси учун “ноодатий қадам”.

Америкалик амалдорнинг сўзларига кўра, Трамп музокаралар чоғида ядровий қуроллар устидан назорат масалаларини кўтаришни режалаштирмоқда, бироқ “келишувга эришишни кутмаяпти” ва шунчаки учта энг йирик ядровий давлат ўртасида муҳокамани бошлашни истайди. 

“Хитой учун бу мураккаб мавзу, бироқ биз чиндан ҳам Хитойнинг, таъбир жоиз бўлса, катталар даврасидан жой олиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз”, дейди FT манбаси. 

Шу билан бирга, у мамлакатлар етакчилари Украинадаги урушни муҳокама қилиши даргумон эканини, чунки Хитой тинчлик жараёнига бевосита қўшилишни истамаётганини таъкидлаган.

Учрашувда Си Цзиньпин Трамп ва Путин билан ўзининг алоҳида муносабатларини муҳокама қилишни истайди, бироқ Хитой таклиф этилмаган 1945 йилги Ялта конференцияси билан қиёслашлардан қочишга интилади. 

“Шу билан бирга, Путин ва Трампнинг учрашуви Киев ва Ғарб пойтахтларида “хавотир” уйғотиши мумкин”, дея қайд этади “Bloomberg”. 

Нашр баҳосига кўра, у Россия Президентига Украина иштирокисиз тинчлик келишуви шартларига таъсир ўтказиш имкониятини беради.

Бунгача “Wall Street Journal” (WSJ) манбалари АҚШ ва Хитой ўртасида уч томонлама учрашув формати ва кун тартиби борасида келишмовчиликлар юзага келганини айтган. Хусусан, Пекин саммит иштирокчилари олдиндан тайёрланган баёнотларни ўқиб эшиттиришини ва муҳокама учун имкониятлар минимал даражага туширилишини талаб қилган. Нашр маълумотларига кўра, АҚШ уч етакчига фаолроқ фикр алмашиш имконини берадиган эркинроқ форматни талаб қилган.

Россия, АҚШ ва Хитой етакчиларининг уч томонлама учрашувини ўтказишни Путин таклиф қилган. WSJ маълумотларига кўра, Россия Президенти саммитда Украинадаги урушни ўз шартлари асосида якунлаш бўйича келишиб олишни истаган. Бироқ АҚШ Россиянинг Украина билан урушини эмас, балки ядровий қуролсизланиш ва Эрон билан ҳарбий можарони муҳокама қилмоқчи эканини билдирган. Шундан сўнг, Кремль Шэньчжэндаги музокараларни “янги Ялта” деб ҳисобламасликка чақирган.

Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг уч томонлама учрашуви жорий йилнинг 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтади. Уч етакчи Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) саммити доирасида учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг