Путин Трамп билан Украина масаласини муҳокама қилишга тайёр – “Reuters”
Олам
−
21 Ноябрь
3451Россия Президенти Владимир Путин АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан фронт чизиғидаги жанговар ҳаракатларни тугатиш асосида Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича мунозараларга очиқ, бироқ у ҳудудий масалада ён босмайди ва келишувнинг исталган вариантида Киевдан бетарафликни талаб қилади. Бу ҳақда ўз манбаларга таяниб, “Reuters” хабар берди.
“Россия Президенти ҳар қандай йирик ҳудудий имтиёзлар эҳтимолини истисно қилади ва Киевнинг НАТОга аъзо бўлиш амбицияларидан воз кечишини таъкидлайди”, деган Кремль фикридан хабардор беш манба “Reuters” агентлигига.
Шу билан бирга, Кремль урушни фронт чизиғида тўхтатишга рози бўлиши мумкин. Агентликка кўра, расмий Москва тўрт шарқий минтақа – Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсонни аниқ тақсимлаш бўйича музокаралар учун очиқ.
Бундан ташқари, Россия Харьков ва Николаев вилоятларидаги ўзи назорат қиладиган нисбатан кичик ҳудуддан қўшинларини олиб чиқишга ҳам очиқ бўлиши мумкин.
Москва, шунингдек, Украинанинг Қуролли кучлари сонини чеклаш ва рус тилидан фойдаланиш ҳуқуқларини қайтариш ҳақидаги келишувига биноан Киев учун ҳарбий хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилишга тайёр.
Россиялик мулозимлардан бири Украина хавфсизлик кафолатларини олмагунча ҳеч қандай келишув бўлмаслигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, Ғарбни бир кун келиб Россия билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка тортадиган келишувдан қандай қочиш кераклиги савол остида қолмоқда.
Мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида сўралганда, икки россиялик манба Истанбул келишуви лойиҳасига ишора қилган.
“Путин Россияга Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсоннинг катта қисмини эгаллашга имкон берадиган сулҳ битимини Украина шарқидаги русийзабон аҳолини ҳимоя қиладиган ва Қримга қуруқликдаги кўприкни таъминлайдиган ғалаба сифатида тақдим қилиши мумкин. Қримнинг келажаги ҳақида музокаралар олиб борилмайди, деди барча россиялик расмийлар”, дея ёзган агентлик.
Манбаларга кўра, Байденнинг Украинага ATACMS ракеталарини Россияга қарши учиришга рухсат бериш ҳақидаги қарори ҳар қандай келишувни мураккаблаштириши ва кечиктириши, шунингдек, Москва талабларини кучайтириши мумкин. Агар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмаса, у ҳолда Россия курашни давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина илк марта Россия ҳудудига ATACMS билан зарба берганди. Зарба Брянск вилоятининг Карачев шаҳри яқинидаги ҳарбий объектга берилган эди.