Путин судланувчиларни жавобгарликдан озод қилиш эвазига урушга жўнатмоқчи
Олам
−
02 Октябрь
5329Россия Президенти Владимир Путин урушда қатнашишга рози айбланувчиларни жиноий жавобгарликдан озод қилувчи қонунни имзолади. Қонун ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
Ушбу қонунга кўра, агар маҳбуслар Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузса ёки ҳарбий сафарбарлик рўйхатидан жой олса, жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
Федерал қонун суд томонидан жиноий иш юритишни тўхтатиб туриш, эҳтиёт чорасини бекор қилиш ва кейинчалик судланувчиларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш, маҳкумлар сафарбарлик даврида ёки уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилган тақдирда, уларни жазодан озод қилиш имкониятини назарда тутади.
"Ҳозирда фақат тергов остидаги ёки жиноий иш бўйича судланганларгина урушда қатнашиш учун шартнома имзолашлари мумкин", дея хабар берди РИА Новосты.
Федерал қонунга мувофиқ, ҳарбий қисмлар (муассасалар) қўмондонлиги ва судларнинг ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишларини тугатиш ёки уларни жиноий жавобгарликка тортиш, шунингдек, жазодан озод қилиш бўйича ўзаро муносабатлари қўшма қарорлар билан белгиланади.
Ҳарбий хизматни ўтаётган айбланувчилар жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
Бундан ташқари, ҳужжат ҳукми қонуний кучга кирмаган маҳкумларга ҳам тегишли.
Президент, шунингдек, сафарбарлик, ҳарбий ҳолат ва уруш даврида судланувчилар билан суд ишларини юритиш босқичида ҳарбий хизматни ўташ учун шартномалар тузишга рухсат берувчи қонунни имзолади.
Давлат Думаси ва Федерация Кенгаши мос равишда 24 ва 25 сентябрда иккала ҳужжатни ҳам тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати судланувчиларнинг 40 фоизини Украинадаги урушга юбормоқчилиги тўғрисида хабар берилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь