Путин шу ҳафтада Хитойга боради
Олам
−
14 Май
38067 май куни навбатдаги 6 йиллик президентлик даври учун қасамёд қабул қилган Россия етакчиси Владимир Путин илк хорижий ташрифини 16-17 май кунлари Хитой Халқ Республикасига амалга оширади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Президент Путин Пекин ва Харбинга боради. Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказиш ва қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
“Россия ва Хитой раҳбарлари кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорлик масалаларининг бутун мажмуасини батафсил муҳокама қилади, Россия-Хитой амалий ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, шунингдек, энг долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашади”, дейилади Кремль сайтида.
Владимир Путин ва Си Цзиньпин дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 75 йиллиги ҳамда Россия ва Хитой маданияти йилларининг очилишига бағишланган тантанали кечада иштирок этади. Ташриф доирасида Россия Президенти Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан ҳам учрашади.
Эслатиб ўтамиз, 5-10 май кунлари Хитой раҳбари Си Цзиньпин Европа давлатларига сафар қилган, Франция, Сербия ва Венгрияда бўлганди. Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Парижда Си Цзиньпинни Украинадаги можаро муносабати билан Россияга таъсир ўтказишга мажбурлашга уриниб кўрди.
LiveБарчаси