Путин Шимолий Кореядан ўқ-дори олмоқчи
Олам
−
31 Март 2023
8820Россия Украинага қарши урушни кучайтириш учун Шимолий Кореядан кўпроқ ўқ-дорилар сотиб олмоқчи. Бу ҳақда Оқ уй расмийларига таяниб, “Politico” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби журналистлар билан ўтказилган брифингда Россия Шимолий Кореядан ўқ-дорилар олишга уринаётгани ҳақида маълумотлар бор эканини очиқлаган. Унинг айтишича, Президент Владимир Путин ўқ-дорилар эвазига Пхеньянга озиқ-овқат юбориши мумкин.
“Биз Шимолий Корея Россиянинг Украинага қарши “ҳарбий амалиёт”ларини қўллаб-қувватлашидан хавотирдамиз ва Россия Шимолий Кореядан қўшимча ўқ-дорилар олишга фаол интилаётгани ҳақида янги маълумотларга эгамиз”, деган Жон Кирби.
Таъкидланишича, Россия Украинанинг жануби ва шарқида кетаётган шиддатли жангларда ўз ўқ-дори захирасини тугатмоқда. Донбасдаги Бахмут шаҳри учун олиб борилган жанг Россиянинг олдинга силжишини секинлаштирган, бу эса ҳарбийлардан кейинги ҳудудларга етиб бориш учун кўпроқ ўқ-дори ва артиллерияни сарфлашни талаб қилган. Кирбига кўра, Шимолий Кореянинг ёрдами Москва кучларига Украинанинг баҳорда кутилаётган ҳужуми олдидан захираларини тўлдиришга ёрдам беради.
Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги эҳтимолий келишувга словакиялик қурол сотувчиси Ашот Мкртичев воситачилик қилган. АҚШ маъмурияти эса кеча, 30 март куни унга санкция киритган.
“Ушбу шахс томонидан амалга оширилаётган қурол-яроғ битими каби схемалар Путиннинг Эрон ва КХДР каби сўнгги чора етказиб берувчиларга мурожаат қилаётганини кўрсатмоқда”, деган АҚШ Ғазначилик вазири Жанет Йеллен.
LiveБарчаси