Путин рус тилининг Қирғизистондаги мақоми учун Жапаровга миннатдорчилик билдирди

Олам

image

Бугун, 2 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан музокара ўтказди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.

Садир Жапаров Москвага амалий ташрифи доирасида Владимир Путин билан тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни, жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва миграция соҳаларини муҳокама қилди ҳамда Қирғизистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг юқори даражасига эришилганидан мамнунлигини билдирди.

Россия Президенти иқтисодий ҳамкорликдаги ижобий динамикани қайд этиб, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш барқарор ўсиб бораётгани, жумладан, жорий йилнинг биринчи ойларида сезиларли даражада ошганини таъкидлади. Шунингдек, у Россия корхоналарининг Қирғизистондаги фаол ишини қайд этиб, Россиянинг мамлакатнинг етакчи савдо-иқтисодий шерикларидан бири мақомини тасдиқлади. Путин Россия-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти самарадорлигини юқори баҳолади, унинг кўмагида Қирғизистон иқтисодий ўсишига хизмат қилувчи қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

Шунингдек, у инсонпарварлик, хусусан, таълим соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Айни пайтда Қирғизистондаги 43 мактабда 200 нафар рус тили ўқитувчиси меҳнат қилмоқда. Таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар сонини кўпайтириш режалари амалга оширилмоқда.

Владимир Путин қирғиз томонига рус тилига алоҳида мақом берилгани учун миннатдорлик билдириб, бу ҳам гуманитар, ҳам иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Якунида у Қирғизистон раҳбарига конструктив мулоқот ва икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлиги учун миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида, Президент Садир Жапаров мазкур учрашув икки давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда стратегик шериклик ва иттифоқчилик масалаларини муҳокама қилиш имконини берганига ишонч билдирди. Давлат раҳбари мамлакатлар ўртасида тўлиқ ўзаро англашув ва ишонч ҳукм сураётганини, ҳеч қандай сиёсий келишмовчилик ва қарама-қаршиликлар йўқлигини таъкидлади. 

Шунингдек, у энергетика, транспорт, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигига эътибор қаратди. Шу муносабат билан давлат раҳбари Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик бўйича Қирғизистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси муваффақиятли иш олиб бораётганини таъкидлади.

Музокаралар якунлари бўйича икки давлат раҳбарлари барча муҳим йўналишлар бўйича кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида эканликларини тасдиқлади.

Маълумот учун, Қирғизистонда рус тили расмий мақомга эга. Унда республикада миллатлараро мулоқот функцияси мустаҳкамланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Қирғизистон рус тили Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг