Путин Пекинда Шаҳбоз Шариф ва Вучич билан ҳам учрашади
Олам
−
30 Август 3824 2 дақиқа
Россия етакчиси Владимир Путин Пекинда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Сербия Президенти Александр Вучич билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Бу ҳақда Россия Президентининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга кеча, 29 август куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
“Президентимиз расмий ташриф ва Хитой раҳбари билан учрашувни якунлагач, икки томонлама учрашувлар ўтказади. Шуни айтишим мумкинки, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири билан мулоқот режалаштирилган. Президент покистонлик мавқедошидан кейин Александр Вучични қабул қилади”, деган Кремль вакили.
Ушаков Путин Вучич билан жорий йилнинг 9 май куни Москвада Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар доирасида учрашганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, навбатдаги учрашувда Россия-Сербия ҳамкорлигининг асосий масалалари, жумладан, энергетика ҳамда бошқа соҳаларда фикр алмашиш режалаштирилган. Косоводаги вазият ва Сербия Республикаси атрофида бўлаётган сиёсий жараёнлар ҳам муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Путин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашув ўтказади. Унда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Хитойнинг расмий ахборот агентлиги “Синьхуа”га кўра, Пекинда ўтадиган тантаналарда 26 мамлакат етакчиси ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Хитойга биринчилар қаторида ташриф буюриши режалаштирилган хорижий давлат раҳбарларидан бири Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин саналади.
Пекиндаги байрамларда, шунингдек, Камбоджа, Вьетнам, Лаос, Индонезия, Малайзия, Мўғулистон, Покистон, Непал, Мальдив ороллари, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Беларусь, Озарбайжон, Арманистон, Эрон, Конго Республикаси, Зимбабве, Сербия, Словакия, Куба ва Мьянма давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Маълумот учун, Хитой халқининг япон агрессиясига қарши қаршилик кўрсатиш уруши, иккинчи Хитой-япон уруши деб ҳам аталади, бу 1931 йилда Япониянинг Манчурияга бостириб кириши билан бошланди ва 1937 йилда кенг кўламли урушга айланиб, 1945 йилда Япониянинг таслим бўлиши ва Иккинчи жаҳон урушининг тугаши билан якунланди. Хитой фашизм устидан ғалаба қозонишда, Япония қўшинларини узоқ йиллар давомида ушлаб туришда ва халқаро антифашистик фронтни шакллантиришда муҳим роль ўйнагани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июль куни Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳридаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказганди. Учрашувда Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини қабул қилинган "йўл харитаси" асосида янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинганди.
Live
Барчаси