Путин Нетаньяху билан гаплашиб, уни муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин бугун, 28 июль куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати телефон суҳбатидан сўнг хабар берди.

“Яқин Шарқдаги кескин вазиятнинг турли жиҳатлари муҳокама қилинди. Россия томони минтақада мавжуд муаммо ва можароларни фақат тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлган ўзининг қатъий позициясини тасдиқлади”, дейилади баёнотда.

Путин, шунингдек, Суриянинг яхлитлиги ва суверенитети муҳимлигини таъкидлаган. Россия етакчиси “хусусан, Сурия Араб Республикасининг бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг барча этник ва диний гуруҳлари қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилиш орқали унинг ички сиёсий барқарорлигини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган”.

Маълумки, Сурия жанубидаги вазият 13 июль куни Сувайда провинциясида бадавийлар ва друзлар ўртасида тўқнашувлар бошланганидан кейин кескинлашди. 15 июль куни Сурия армияси вилоятнинг шу номдаги маъмурий марказига кириб, вазиятни барқарорлаштириш мақсадида уни тозалашга киришди. Орадан кўп ўтмай, Исроил вилоятдаги друзларни ҳимоя қилишга уринаётганини даъво қилиб, Сурия Қуролли кучларининг ҳарбий карвонларига зарба бера бошлади ва 16 июль куни Сурия пойтахтидаги бир қанча стратегик объектларни ўққа тутди.

Шунингдек, Россия Президенти Москванинг Эрон ядро дастури бўйича музокаралар йўли билан ечим топишда иштирок этишга тайёрлигини таъкидлаган.

“Эрон-Исроил қарама-қаршилигининг сўнгги пайтларда кучайганини ҳисобга олиб, Россия томони Эрон ядро дастури бўйича музокаралар йўли билан ечим излашга тўлиқ кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди”, дейилади хабарда.

Исроил Эроннинг тинч ядровий энергетикани ривожлантиришга бўлган суверен ҳуқуқини тубдан қабул қилмайди, чунки Теҳрон олинган технологиялардан ҳарбий қурилишда фойдаланади, деб тахмин қилади. Қўшма Штатлар ҳам худди шундай позицияда. 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлади, бунга Эрон жавоб қайтарди. Тўққиз кундан кейин Қўшма Штатлар можарога киришди ва Эроннинг учта ядровий объектига ҳужум қилди. 24 июнга келиб барча томонлар ўт очишни тўхтатишни эълон қилишди, бироқ умуман олганда, Яқин Шарқда беқарорлик ва бир-бирига нисбатан ишончсизлик муҳити сақланиб қолмоқда.

Путин ва Нетаньяху мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

“Раҳбарлар халқаро ва икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан мулоқотни давом эттиришга келишиб олди”, дейилади Россия томони баёнотида.

Исроил томони ҳозирча Нетаньяху ва Путиннинг телефон суҳбати ҳақида расмий ахборот эълон қилмади.

Эслатиб ўтамиз, Путин ва Нетаньяху жорий йилнинг 6 май куни ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, бир-бирини Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан табриклаганди. Келаси ойда эса Исроилнинг Эронга ҳужум қилиши ва Теҳроннинг жавоб зарбасидан сўнг таранглашган зиддиятли вазиятда 13 июнь куни Путин Нетаньяху билан яна телефон орқали мулоқот қилди. Россия раҳбари ўшанда Исроил Бош вазири билан суҳбатда музокаралар жараёнига қайтиш ва Эрон ядро дастури билан боғлиқ барча масалаларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш муҳимлигини таъкидлади, шунингдек, тарангликнинг янада кучайишига йўл қўймаслик учун воситачилик хизматларини кўрсатишга тайёрлигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Исроил Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг