Путин нега COVID-19’га қарши эмланмаётганининг сабабини айтди
Олам
−
17 Декабрь 2020
8702Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳамон COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши эмланганича йўқ. Президентнинг ўзи нега ҳамон вакцина билан эмланмаганига изоҳ берди.
Путиннинг таъкидлашича, у мутахассислар тавсияларига риоя қиляпти. Аммо эмланиш нияти йўқ эмас.
“Ҳозирча бу вакцинани, мутахассислар айтганидек, олмадим. Қачонки мумкин бўлса, албатта шундай қиламан”, деган Путин.
Президент Россияда фуқароларни эмлашда фойдаланилаётган вакцина ҳозирча барча ёшдагиларга мўлжалланмаганини эслатган.
“Мутахассисларнинг айтишича, бугунги кунда фуқаролик муомаласига киритилаётган вакциналар муайян ёшдаги фуқаролар учун мўлжалланган. Менга ўхшаганлар учун вакцина ҳозирча етиб келмади. Мен бу борада қонунга анча итоаткорман, мутахассислар тавсияларига амал қиламан”, деган Путин.
Ноябрь ойи охирида президент матбуот котиби Дмитрий Песков оммавий вакцинациялаш кампанияси ҳали бошланмаганини ва давлат раҳбари вакцина синовларида иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтганди.
“Кўнгилли сифатида, албатта, давлат раҳбари эмлашда иштирок эта олмайди. Шунчаки давлат раҳбари сифатида кўнгилли сифатида иштирок эта олмайди, бу мумкин эмас”, деган ўшанда Песков.
Эслатиб ўтамиз, 2 декабрда Путин Россияда коронавирусга қарши кенг кўламли эмлашни бошлашга кўрсатма берганди. Москвада эмлаш марказлари 5 декабрдан иш бошлади, 17 декабрга қадар, Москва мери Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, 15 мингга яқин киши эмланди. Сергей Собянин шаҳар аҳолисининг 7 миллион нафари COVID-19’га қарши эмланиши кераклигини айтганди.
LiveБарчаси