Путин миллиардерлар билан ёпиқ учрашув ўтказди

Олам

image

Кеча, 27 март куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакатдаги йирик бизнес вакиллари билан ёпиқ учрашув ўтказди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи (РСПП) президенти Александр Шохин журналистларга маълум қилишича, Путин билан ўтказилган ёпиқ учрашувда йирик бизнес вакиллари сунъий интеллектни (СИ) тартибга солиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда платформали иқтисодиёт масалаларини муҳокама қилган.

Давлат раҳбари РСПП қурултойининг ялпи мажлисидан сўнг иттифоқ бошқаруви бюроси аъзолари ва тадбиркорлар билан ёпиқ форматда учрашув ўтказган. Мулоқот қарийб икки соат давом этган. Шохиннинг сўзларига кўра, юқоридаги мавзулар билан бир қаторда, Путин ва бизнес вакиллари санкцияларга нисбатан “кўзгу механизми орқали жавоб бериш” заруриятини ҳам кўриб чиққан. Гап дўст бўлмаган мамлакатларда ҳуқуқлари бузилган Россия компанияларининг манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳақида кетган.

“У ҳуқуқшунос сифатида бизга халқаро оммавий ҳуқуқнинг хусусий ҳуқуқдан нимаси билан фарқ қилишини ва қандай ишлаш мумкинлигини тушунтириб берди. Яъни, у ушбу таклифларни кўриб чиқиш учун қабул қилди”, дея аниқлик киритган Шохин.

РСПП раҳбарининг таъкидлашича, Президент ва бизнес анъанавий тарзда геосиёсат, жумладан, Украина ва Яқин Шарқдаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Шохиннинг айтишича, Путин яқин уч-тўрт ҳафта ичида Яқин Шарқдаги можаро ҳал этилишига умид билдирган, бироқ инқироз шароитида олинган ўта юқори фойда “узоқ давом этмаслигини” тушунтирган.

Учрашув якунлари бўйича Шохин Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг Давлат думасидаги баёнотига ҳам изоҳ берган. Вазир айрим тармоқларда ўта юқори фойда солиғини жорий этиш бўйича мулоқотга тайёрлигини айтган эди. РСПП раҳбарининг фикрича, агар рубль курси кескин заифлашса ва экспортчиларда қўшимча курс даромадлари пайдо бўлса, бундай муҳокамалар ўринли бўлиши мумкин.

“Агар рубль қадрсизланса, ўта юқори фойда пайдо бўлади ва уни худди аввалги windfall tax (кутилмаган фойда солиғи) каби солиққа тортишни ҳеч бўлмаганда муҳокама қилиш мумкин. Агар рубль курси 100 гача тушиб кетса, экспортчиларда муҳокама қиладиган нарса топилади”, дейди у.

Тадбиркор Олег Дерипасканинг сўзларига кўра, учрашувда иқтисодий ўсиш суръатларини тиклаш ҳақида ҳам сўз борган. 

“Президент айнан шу масалага – ташқи бозорлардаги ўзгарган вазиятни ҳисобга олган ҳолда қандай чекловлар, муаммолар ва истиқболлар борлигига катта эътибор қаратди. Марказий банкнинг антиинфляцион дастурларига қарамай, иқтисодий ўсиш суръатларини қанчалик тез тиклаш мумкинлиги энг асосий масаладир”, дейди у қурултой доирасида.

Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқининг бу галги қурултойи ҳисоб бўйича 35-си бўлди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг тушунтиришича, Путин бизнес вакиллари билан мунтазам мулоқот қилади, учрашувнинг ёпиқ формати эса энг долзарб ва муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Федерал разведка хизмати Россия бюджетидаги реал “тешик” бир йилда 8 трлн рублдан ошиб кетгани ҳақида хабар берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин ёпиқ учрашув бизнес вакиллари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг