Путин мен билан Украина масаласида учрашишни хоҳлайди – Трамп
Олам
−
12:38
3535АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин у билан Украинадаги урушни муҳокама қилиш учун учрашиш истагини билдирганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 22 декабрь куни Аризонада ўз тарафдорлари олдидаги чиқиши чоғида сўз очди.
“Президент Путин мен билан тезроқ учрашишни хоҳлашини айтди. Шундай қилиб, биз буни кутишимиз керак, аммо бу урушни тугатишимиз шарт, бу даҳшатли, даҳшатли”, деди Трамп.
Декабрь ойи бошида Дональд Трамп Нотр-Дам собори реставрациясидан кейин очилиш маросими бўлиб ўтган Парижга ташрифи чоғида Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашди, уларга Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам қўшилди. Ушбу уч томонлама мулоқот натижасида Трамп Украинада “зудлик билан ўт очишни тўхтатиш”га чақирди.
Қайд этиш жоиз, Трамп сайловолди ташвиқоти давомида Оқ уйга қайтгач, Украинадаги урушни “24 соат ичида” тугатишини бир неча бор таъкидлаган. Кузатувчилар 2025 йил январида АҚШ президенти лавозимига киришгач, Дональд Трамп Киевга босим ўтказиб, унинг ҳарбий ёрдамини қисқартириши ва шу тариқа украиналикларни Москва билан тинчлик музокараларини бошлашга мажбур қилиши мумкинлигидан хавотирда. Шунингдек, Трамп АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден маъмуриятининг Вашингтон етказиб берган қуроллар билан Россияга чуқур зарбалар беришга рухсат берганини бир неча бор танқид қилган.
Ўз навбатида, Путин 19 декабрь куни бўлиб ўтган катта матбуот анжуманида исталган вақтда Трамп билан гаплашишга ва учрашишга тайёр эканлигини, бироқ бундай суҳбат қачон бўлиши мумкинлигини билмаслигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, “The Washington Post” жорий йилнинг 7 ноябрь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан норасмий телефон мулоқоти ўтказгани ва суҳбат чоғида Россиянинг Украинага қарши уруши мавзусини кўтаргани ҳақида ёзган эди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Трамп ва Путин телефон орқали мулоқот қилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Кейинчалик WP Дональд Трамп ва Владимир Путин келаси йили Украинадаги вазиятни муҳокама қилиш учун учрашишини хабар қилди.