Кремль Трамп ва Путин суҳбатлашганини рад этди
Олам
−
11 Ноябрь
3481АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда бугун, 11 ноябрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот берди.
Песковнинг сўзларига кўра, Украина масаласида икки давлат раҳбари ўртасида ҳеч қандай суҳбат бўлмаган. “The Washington Post” газетаси томонидан эълон қилинган мақола матнида ёлғон маълумот келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ WP нашри жорий йилнинг 7 ноябрь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан норасмий телефон мулоқоти ўтказгани ва суҳбат чоғида Россиянинг Украинага қарши уруши мавзусини кўтаргани ҳақида ёзган эди. Нашр манбаларига кўра, америкалик сиёсатчининг ўзи Россия раҳбарига Флоридадаги курортидан қўнғироқ қилган. Суҳбат чоғида Оқ уйнинг собиқ раҳбари Россия Президентига Украинадаги урушнинг авж олишини давом эттирмасликни маслаҳат берган ва унга Вашингтоннинг Европадаги муҳим ҳарбий иштирокини эслатган.
Трамп, шунингдек, Владимир Путин билан урушни тезкор ҳал этишни муҳокама қилиш учун кейинги алоқаларга қизиқиш билдирган. АҚШнинг янги сайланган президенти айрим босиб олинган ҳудудлар устидан Россия назоратини сақлаб қолиши вариантини қўллаб-қувватлашини шахсий равишда очиқ айтган ва бу масалани Путин билан суҳбатда ҳам кўтарган.
Нашрнинг қайд этишича, суҳбат расмий бўлмаган – Трампнинг ўтиш даври жамоаси президентга АҚШ Давлат департаменти кўмагида қўнғироқ қилиш имконини берувчи ҳужжатларни ҳали имзолагани йўқ. Бундан ташқари, Трамп ўзининг биринчи муддатидаги қўнғироқлари стенограммалари ошкор қилинганидан кейин ҳукумат амалдорларига ишонмайди.
LiveБарчаси