Путин Курскни Трамп инаугурацияси олдидан қайтармоқчи
Олам
−
12 Ноябрь
6087Россия Президенти Владимир Путин 2025 йил 20 январда Дональд Трампнинг АҚШнинг 47-президенти сифатида инаугурацияси олдидан бир қисми Украина Қуролли кучлари томонидан босиб олинган Курск вилоятини Россия назоратига қайтармоқчи. Бу ҳақда Британиянинг “The Telegraph” газетаси кеча, 11 ноябрь куни хабар берди.
Ғарб дипломатларининг назарида бундай қадам Москвага ҳар қандай тинчлик музокараларига кучлироқ позиция билан киришга имкон беради. Россия армияси 6 августдан бери Украина қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудуднинг қарийб ярмини назоратга олишга муваффақ бўлган.
“Яқин кунларда Россия Федерацияси чегара яқинидаги янги учувчисиз учиш майдончаларидан фойдаланган ҳолда учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида Украина ҳудудига ҳужумларни кучайтириши мумкин”, дея ёзган нашр.
Ўз навбатида, украиналик таҳлилчилар Москва Украина билан чегарадош ҳудуд – Суми вилоятига ёриб кириш учун Курск вилоятидаги қарши ҳужумдан фойдаланишга ҳаракат қилишини тан олмоқда.
Бир кун аввал Американинг “The New York Times” газетаси 50 минг кишилик Россия ва Шимолий Корея қўшинлари Курск вилоятида қарши ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзганди. Жанубий Корея, АҚШ ва Украина ҳисоб-китобларига кўра, Украинага қарши урушда қатнашиш учун КХДРдан Россияга 8 мингдан 12 минггача ҳарбий хизматчи олиб келинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Washington Post” газетаси жорий йилнинг 7 ноябрь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан норасмий телефон мулоқоти ўтказди ва суҳбат чоғида Россиянинг Украинага қарши уруши мавзусини кўтаргани ҳақида ёзганди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса газета томонидан эълон қилинган мақола матнида ёлғон маълумот келтирилгани, Украина масаласида икки давлат раҳбари ўртасида ҳеч қандай суҳбат бўлмагани ҳақида баёнот берди.
LiveБарчаси