Путин Қозоғистонга келади
Олам
−
15:21
3778Эртага, 27 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Путиннинг Қозоғистонга давлат ташрифи 27-28 ноябрь кунлари бўлиб ўтади ва у ташриф давомида Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдаги сессиясида иштирок этади.
Шунингдек, давлат ташрифи доирасида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан музокаралар ўтказилади.
“Россия-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини турли соҳаларда, шу жумладан Қозоғистоннинг жорий йилда КХШТга, Россиянинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва BRICS’га раислигини ҳисобга олган ҳолда янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Тўқаев Уфа шаҳрида бўлиб ўтадиган Россия ва Қозоғистон ўртасидаги ХХ минтақалараро ҳамкорлик форуми ялпи мажлиси иштирокчиларига видеоалоқа орқали мурожаат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путиннинг Қозоғистонга охирги ташрифи жорий йилнинг июль ойида бўлган эди. Ўшанда у Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Остонага келганди.
LiveБарчаси
16:25